Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Туркияда яна отишма

Чоршанба куни Туркиядаги таълим даргоҳларидан бирида яна отишма рўй берди. Қаҳрамонмараш ҳудудидаги Айсер Чалик ўрта мактабидаги отишма оқибатида камида саккиз ўқувчи ва бир ўқитувчи ҳалок бўлди.

Бундан ташқари яна 13 киши яраланган, улардан олти нафари оғир аҳволда. Расмийларнинг билдиришича, ҳодиса давомида 14 ёшли ҳужумчи ҳам ҳалок бўлган.

Ҳужум сабаблари ҳозирча маълум эмас, тергов ҳаракатлари бошланган. Ҳужум қилган 8-синф ўқувчисининг ёнида бешта қурол ва еттита магазин бўлган. «У бешинчи синф ўқувчилари таҳсил олаётган иккита синфга кириб, ҳеч кимни ажратмасдан, ўлим ва жароҳатларга сабабчи бўлган», деди расмийлар. Туркияда бешинчи синф ўқувчилари одатда 10 ва 11 ёшда бўлади.

Турк нашрларининг ёзишича, қуроллар ўқувчининг муқаддам полицияда хизмат қилган отасига тегишли бўлган. Ҳужумчининг отаси полиция томонидан қўлга олинган.

Туркияда қурол тўғрисидаги қонунлар 21 ёшдан ошган ва лицензияга эга бўлган шахсларга қуролга эгалик қилишга рухсат беради. Бироқ қуроллар кенг тарқалган бўлиб, хавфсизлик ходимларига қурол олиб юриш ва унга эгалик қилишга рухсат берилган.

Ушбу ҳужумдан бир кун олдин — сешанба куни ҳам Туркиянинг Шанлиурфа вилоятида собиқ ўқувчи ўз мактабида ўт очиб, камида 16 кишини яралаган, сўнгра ўзини отиб ўлдирганди.

Журналистлар ушбу ҳафтадаги отишмалардан сўнг расмийлар бирон-бир чора кўрадими, дея ички ишлар вазири Мустафа Чифтчига савол берди. У тафсилотларга тўхталмасдан: «Биз зарурий эҳтиёт чораларини кўрамиз», деб жавоб қайтарди.

Яқин Шарқдаги уруш

Пайшанба кунига келиб Яқин Шарқдаги уруш якунига етиши борасидаги оптимизм кучайди. Бунга – асосий воситачи Покистон ва АҚШ президенти Доналд Трамп келишувга умид билдираётгани сабаб бўлди.

«Биз келишув истиқболларини ижобий баҳолаймиз», деди Оқ уй матбуот котиби Каролин Левит. У Покистон воситачилигидаги суҳбатларни «маҳсулдор ва давомий» деб атади. Шу билан бирга АҚШ 8 апрелда икки ҳафталик сулҳни узайтириш бўйича расмий сўров юборгани ҳақидаги хабарларни рад этди.