Ўзбекистон | 13:50 / 07.12.2023
19159
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ўсмир спортчини босиб ўлдирган ҳайдовчи 6 йилга қамалди

Суд мажлисида марҳумнинг отаси ҳайдовчига максимал жазо беришни сўраган.

Фото: Ургут тумани ИИБ

Жиноят ишлари бўйича Ургут туман судида қоидаларни бузган ҳолда ҳаракатланиб, ёш йигитнинг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчига ҳукм ўқилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2023 йил 20 август куни тунги соат 00:36 лар атрофида Ургут шаҳри марказидан ўтувчи Навоий шоҳкўчасида аянчли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

«Малибу-2» машинаси Навоий шоҳкўчасининг «Боғишамол» МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмида ҳаракатланиб келаётган вақтида йўлнинг чап томонидан ўнг томонига ҳаракатланиб ўтаётган пиёдани уриб юборган.

Оқибатда пиёда оғир тан жароҳатлари олган ва ҳайдовчи томонидан зудлик билан тиббиёт бирлашмасига етказилган. Бироқ тиббиёт ходимлари кўрсатган муолажаларига қарамасдан у вафот этган.

Қайд этилишича, ҳайдовчи Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган деб топилган.

Суднинг ҳукмига кўра, у 3 йилга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган.

Мавзуга оид