Жаҳон | 07:31 / 09.12.2023
3787
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Украина қурол ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни кучайтиради

Киев ва Вашингтон Украина Қуролли кучларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, шунингдек, ўқ-дорилар ишлаб чиқариш соҳасидаги эҳтиёжларини қондириш тўғрисидаги баёнотни имзолади. Қўшма Штатларда Украинадаги ҳамкорларни қўллаб-қувватлаш учун идоралараро гуруҳ тузилди.

Фото: Anatolii Stepanov/AFP/Getty Images

АҚШ ва Украина қурол-яроғ соҳасида яқинроқ ҳамкорлик қилишга қарор қилди. Икки мамлакат ҳарбийларнинг ҳаво мудофаа тизимлари, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ва ўқ-дориларни ишлаб чиқариш соҳаларида эҳтиёжларини зудлик билан қондириш учун «биргаликда ишлаб чиқариш ва техник маълумотларни алмашиш» нияти тўғрисидаги баёнотни имзолади, деб эълон қилди жума, 8 декабр куни АҚШ Савдо вазирлиги.

Келишув 6 декабр куни Вашингтонда бўлиб ўтган конференция натижаси бўлди. Вазирлик маълумотларига кўра, унда АҚШ ва Украина ҳукуматлари ҳамда 300 дан ортиқ саноат вакиллари иштирок этган. 

АҚШ Савдо вазирлиги баёнотида, шунингдек, АҚШ маъмурияти Украинадаги саноат ва бошқа ҳамкорларга, масалан, потенциал бизнес битимлари ва экспорт талаблари бўйича ёрдам кўрсатадиган идоралараро гуруҳ яратгани айтилади. Бу гуруҳга АҚШ Давлат департаменти, Мудофаа ва Савдо вазирликлари вакиллари кирди. 

Бундан ташқари, Пентагон ва Қўшма Штатлардаги саноат ҳамкорлари Киевга FrankenSAM гибрид ҳаво мудофаа тизимларини маҳаллий ишлаб чиқаришни бошлаш учун техник маълумотларни тақдим этди, бунда баъзи Ғарб ўқ-дориларини бирлаштириш орқали Украинанинг эски ҳаво мудофаа тизимларини яхшилаш кўзда тутилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид