Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Болгария Россиядан газ транзити учун тўловни ҳозирча талаб қилмайди
София 1 январдан бошлаб Шенген маконига қўшилишга умид қилмоқда, шунинг учун Венгрия ветосини қўзғатмаслик учун Россиядан газ учун транзит тўловини талаб қилмасликка қарор қилди.
Болгария Россия газининг ўз ҳудуди орқали транзити учун жорий йилнинг октябр ойида бир мегаватт/соатuга 10 евро миқдорида жорий қилган тўлов йиғимини кечиктирди. Россиянинг «Газпром» энергетика концерни, Болгария томонига кўра, транзит учун пул тўламаган ва вазиятга изоҳ бермаган, деб хабар берди dpa агентлиги 11 декабр, душанба куни.
Болгария Венгрия вето қўйиши мумкинлиги сабабли 2024 йил 1 январда Шенген ҳудудига кириши бўйича режасини хавф остига қўймоқчи эмас. Транзит тўловлари Болгария ҳудудидан ўтувчи қувур орқали Венгрия ва Сербия учун рус гази нархининг ошишига олиб келиши мумкин. София ўз мақсадига яқин ва шунинг учун газ транзити тўловлари Шенгенга қўшилишга тўсқинлик қиладиган вазиятни яратмоқчи эмас, деди ҳукмрон коалиция таркибига кирувчи Болгариянинг «Европа тараққиёти учун фуқаролар» партияси раҳбари Бойко Борисов.
Орбан Болгариянинг Шенгенга қўшилишини блоклаш билан таҳдид қилди
Венгрия бош вазири Виктор Орбан, агар София «Газпром»дан транзит тўловларини ундиришдан бош тортмаса, вето қўйиш билан таҳдид қилди, деб эслатади dpa. Борисовнинг сўзларига кўра, у ва иккинчи ҳукмрон куч - «Ўзгаришларни давом эттириш» либерал ҳаракати раҳбари Кирил Петков бу масалада Европа Иттифоқининг тегишли механизми жорий этилишини кутишга келишиб олдилар.
2022 йилдан бери Австрия ва Нидерландия Болқон йўналиши бўйлаб ноқонуний миграция кучайиши хавфи туфайли Болгариянинг Шенген ҳудудига қўшилишини қўллаб-қувватлашдан бош тортди. ОАВ хабарларига кўра, Вена энди ўз позициясини ўзгартиришга тайёр. Ноябр ойи ўрталарида Европа комиссияси Европа Иттифоқи кенгашини Болгария, Руминия ва Хорватияни Шенген келишувига киритишга чақирди, чунки бу давлатлар «визасиз ҳудудга қўшилиш учун барча шартларни муваффақиятли бажарган».