Маркировкаланмаган тамаки маҳсулотлари савдоси қоидаларини кўп миқдорда бузиш ҳолатлари аниқланди
Солиқ органлари томонидан фуқаролар мурожаатлари асосида ўтказилган текширишлар давомида алкогол ва тамаки маҳсулотлари савдоси қоидаларини кўп миқдорда бузиш ҳолатлари аниқланди.
2021 йил 1 январдан алкогол ва тамаки маҳсулотларини мажбурий рақамли маркировкалаш жорий этилган.
Жорий йилнинг октябр-декабр ойлари давомида рақамли маркировкаланмаган 1,9 млрд сўмлик 168,7 минг дона алкогол ва 0,9 млрд сўмлик 81,4 минг дона тамаки маҳсулотлари олиб қўйилди.
Рақамли маркировкаларнинг йўқлиги бир қатор салбий оқибатларга олиб келади:
Биринчидан, товарнинг келиб чиқиш манбасини аниқлаб бўлмайди, бу эса соғлиққа жиддий зарар етказиши мумкин бўлган контрафакт ва қалбаки маҳсулотларни аҳолига сотиш хавфини сезиларли даражада оширади.
Иккинчидан, маркировкаланмаган маҳсулотлар савдоси натижасида мажбурий бўлган солиқлар ва йиғимларнинг тўланмай қолиши давлат бюджетига зарар келтиради.
Учинчидан, “уддабурон” тадбиркорлар томонидан алкогол ва тамаки маҳсулотларининг солиқ ва йиғимлар тўланмаган ҳолда реализация қилиниши интизомли тадбиркорлар учун рақобат майдонида тенгсизликни келтириб чиқаради.
Солиқ органлари томонидан контрафакт маҳсулотлар реализациясининг олдини олиш, давлат бюджети тушумларини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш, шунингдек, истеъмолчилар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида мурожаатлар асосида алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотиш билан шуғулланувчи 572 та субъектда текширувлар ўтказилди.
Натижада қонун бузилишларга йўл қўйган 491 та хўжалик субъектларига нисбатан Солиқ кодексининг 227-1-моддасига мувофиқ 49,9 млрд сўмлик молиявий жарималар қўлланилди. 4 та ҳолатда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилган.
Амалга оширилган чора-тадбирлар алкоголли маҳсулотларни сотишдан бюджетга ундириладиган солиқ тушумларига ижобий таъсир кўрсатиб, ноябр ойида ўтган 10 ойдаги солиқ тушумларига нисбатан 189 фоизга ошган (134 млрд сўмга нисбатан 252 млрд сўм).
Жорий йилда алкогол ва тамаки маҳсулотлари аксиз солиғи бўйича давлат бюджетига тушумларнинг умумий прогнози 4,4 трлн сўм.
Солиқ қўмитаси сотувчиларни Солиқ кодексининг 227-1- моддасида назарда тутилган жазо чораларини (охирги ҳисобот чорагидаги соф тушум миқдорида) ҳисобга олишга, алкогол ва тамаки маҳсулотларини реализация қилишнинг қонуний тартибини бузмасликка чақирган.
Мавзуга оид
12:21 / 12.12.2024
Сут маҳсулотларини маркировкалаш бошланади
18:32 / 06.08.2024
Қалбаки маркировкали товарлар савдоси учун жиноий жавобгарлик жорий этилиши мумкин
08:51 / 03.06.2024
Маркировкалаш учун зарур бўладиган ускуналар божхона божидан озод қилинади
13:54 / 12.01.2024