21:35 / 13.12.2023
8294

Қозоғистонда совуқда йўлда қолган Ўзбекистон фуқароларига ёрдам берилди 

Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус хизмат машиналари ҳамроҳлигида Осакаровка қишлоғига олиб борилган. Бу ерда одамлар маданият марказига жойлаштирилиб, иссиқ овқат билан таъминланган. 

Фото: Видеодан кадр

Қозоғистоннинг Қарағанди вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қаттиқ совуқда трассада қолган 20 нафар Ўзбекистон фуқаросига ёрдам кўрсатди. Совуқдан қутқарилган шахслар турар жой ва иссиқ овқат билан таъминланди. Уларнинг автобуси Қарағанди-Астана йўлида қолиб кетган эди, деб хабар берди Kazinform. 

12 декабр куни кечқурун Қарағанди вилояти полиция департаменти ходимлари Қарағандидан Ақмола вилояти чегарасигача бўлган асосий трассада кузатув ўтказди. 

Полициячилар Темиртау ташқарисидаги пуллик терминалда йўловчилар билан тўхтаб қолган автобусни пайқаб қолишди. Жанубий ҳудуддан Астана шаҳрига кетаётган 20 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган йўналиш автобуси йўл ёпиқлиги сабабли тўхташга мажбур бўлган. Улар якшанба куни йўлга чиққан. Балқашда қаттиқ аёз туфайли бир кун тўхташга мажбур бўлишган ва бутун вақтини автобусда ўтказишган. Сешанба куни ҳаракатни давом эттиришган, лекин қаттиқ совуқ туфайли яна Темиртаудан ташқарида тўхтаб қолишган. 

«Хорижий фуқаролар энг яқин аҳоли пунктига етиб боришда ёрдам сўраб, ёнилғи захираси ва пуллари тугаб қолгани сабабли полицияга мурожаат қилган. Дори-дармони тугаб қолган қандли диабетга чалинган аёлга ҳам ёрдам кўрсатиш зарурати туғилган. Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус хизмат машиналари ҳамроҳлигида Осакаровка қишлоғига олиб борилган. Бу ерда одамлар маданият марказига жойлаштирилиб, иссиқ овқат билан таъминланди», дейилади хабарда.

Top