Жаҳон | 23:36 / 15.12.2023
11356
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла ва Гайана уруш бошламасликка келишиб олди 

Икки давлат раҳбарлари ҳар қандай вазиятда ҳам бир-бирига таҳдид қилмаслик ёки куч ишлатмаслик, сўзда ҳам, амалда ҳам кескинлашувдан тийилишга ваъда берди. 

Фото: Reuters

Гайана ва Венесуэла давлат раҳбарлари нефтга бой Эссекибо ҳудуди бўйича келишмовчиликлар юзасидан кескинликни кучайтирмасликка келишиб олди. Бу ҳақда BBC ёзди. 

Гайана президенти Ирфон Али ва Венесуэла президенти Николас Мадуро 14 декабр куни Кингстон аэропортида (Сент-Винсент ва Гренадин ороллари) Лотин Америкаси давлатлари вакиллари билан музокара ўтказди. 

Улар қўшма баёнот эълон қилиб, унда «ҳар қандай вазиятда ҳам бир-бирига таҳдид қилмаслик ёки куч ишлатмаслик», «сўзда ҳам, амалда ҳам кескинлашувдан тийилиш»га ваъда берди. 

Нефтга бой Эссекибо ҳудуди Гайанага тегишли, бироқ Венесуэла ўнлаб йиллар давомида унга даъвогарлик қилиб келмоқда. Можаро 2015 йилда, Эссекибода йирик нефт кони топилгандан сўнг янада авж олди. 

Декабр ойи бошида Мадуро ушбу баҳсли ҳудуд бўйича Венесуэлада референдум ўтказди ва сайловчиларнинг 95 фоиздан ортиғи бу ҳудудни қўшиб олиш таклифини маъқуллади. Шундан сўнг, Венесуэла раҳбари Эссекибодаги нефт конларини ўзлаштиришни маъқуллаганини маълум қилди. 

Икки давлат раҳбарлари энди баҳсли ҳудудда юзага келадиган ҳар қандай муаммоларни ҳал қилиш учун ташқи ишлар вазирлари қўшма комиссиясини тузишга, шунингдек, Эссекибо масаласини муҳокама қилиш учун Бразилияда янги учрашув ўтказишга келишиб олдилар. 

Уларнинг баёнотида, шунингдек, барча келишмовчиликлар халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиниши айтилган, бироқ Мадуро ҳукумати БМТ Халқаро суди юрисдикциясини тан олмаслиги қайд этилган. 

Венесуэла дунёдаги энг катта нефт захираларига эга, аммо ҳозир чуқур иқтисодий инқирозда. Вазият 2018 йилда Мадуронинг сайланиши ортидан Венесуэланинг нефт, газ ва олтин қазиб олиш соҳаларига нисбатан жорий этилган АҚШ санкциялари туфайли янада оғирлашган.

Мавзуга оид