Жаҳон | 20:48 / 20.12.2023
14633
8 дақиқада ўқилади

Путин ва Зеленскийнинг баёнотлари, Қизил денгиздаги коалицияга Яман ва Эроннинг реакцияси — кун дайжести

Сўнгги бир кунда жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалар, янгиликларнинг кундалик шарҳи билан одатдагидек кун дайжестида таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Фаластин қочқинлари ёрдам бериш бўйича БМТнинг Яқин Шарқдаги агентлиги Ғазо секторидаги навбатдаги ҳисоботини тақдим этди.

Унга кўра, 7 октябрдан буён Ғазо секторида қарийб 1,9 млн киши ўз тураржойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган, миллиондан ортиқ одамлар Ғазонинг жанубидаги Рафаҳ шаҳридан бошпана топган.

Ғазо жанубидаги БМТнинг бошпаналари тўлиб тошган, бу эса сув борасида тақчиллик ва касаллик тарқалиши эҳтимолини кучайтиради. Ўн минглаб фаластинликлар кўчаларда яшашга мажбур бўлишмоқда. 360 мингдан ортиқ юқимли касалликлар ҳолатлари аниқланган. Ғазо аҳолиси озиқ-овқат тақчилигига дучор бўлган.

«Мажбурий кўчирилган фаластинликлар учун бошпана бўлиб хизмат қилаётган уйлардан бирида 40 минг одам яшамоқда. Улар одеёл ва полиэтилен плёнка билан бўлинган катакларга жойлашишган», — деган БМТ агентлиги раҳбари Филипп Лаззарини.

7 октябрдан буён БМТ объектларига Исроил томонидан тўғридан тўғри ёки билвосита 150 марта зарба берилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус Ғазо секторидаги шифохоналарнинг бор йўғи 30 фоизи фаолият кўрсатаётганини таъкидлаган.

«Ғазонинг соғлиқни сақлаш тизими коллапс ёқасида. Яна бир минимал фаолият кўрсатиб турган шифохонанинг йўқотилиши тизимга жиддий зарба беради», — деган Гебрейесус. У шифохоналар, тиббиёт персонали ва беморларга ҳужумлар бас қилиниши лозимлигини таъкидлаган.

Сўнгги бир кун ичида Ғазода ҳалок бўлганлар сони 214 кишига кўпайиб, жами қурбонлар сони 19 минг 667 кишига етган. Ярадорлар 52,5 мингдан ошган.

Франция Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилига келиб ноқонуний жойлашиб олган яҳудийларга нисбатан санкциялар жорий қилади. Расмий Париж араб турғунларига қарши зулмни тўхтатиш учун Исроил томонидан оккупация қилинган Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳили ерларига келиб жойлашиб олган экстремистик кайфиятдаги яҳудий кўчкиндиларига қарши чеклов чораларини қўлламоқчи.

Исроил президенти мамлакат ҲАМАС билан янги вақтинчалик сулҳ тузишга тайёр эканини эълон қилди.

«Мен Исроил гаровдаги фуқароларини озод қилиш учун яна бир ҳуманитар паузага ва қўшимча ҳуманитар ёрдамга тайёр эканини тасдиқлашим мумкин», — дея Исҳоқ Ҳерцогнинг сўзларини келтирмоқда The Times of Israel нашри.

Қизил денгиздаги коалиция

АҚШ Қизил денгизда савдо кемаларини муҳофаза қилиш учун ҳарбий коалиция тўплаши ва тез кунларда Яманга қарши ҳарбий операцияни бошлашини эълон қилиши ортидан Эрон ва Яман ҳарбийлари жонланиб қолди.

АҚШ Эрон томонидан қўлланилаётгун ҳусийчиларнинг ҳужумидан «кемачилик хавфсизлигини таъминлаш» учун Қизил денгизда коалиция шакллантирганиан сўнг Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси 55 минг кишилик ҳарбий денгиз кўнгилли лашкарларини тўплаганини эълон қилди. Аввалроқ Эрон Қизил денгиз унинг манфаатлари зонасига киришини эълон қилган эди.

Ямандагилар ҳам Америка томонидан халқаро денгиз коалицияси тузилганига реакция билдиришди. Яман мудофаа вазири, генерал-майор Муҳаммад Носир ал-Атафий «Бизда уларнинг флотини, кемаларини, сув ости кемаларини ва авиаташувчи кемаларини чўктириб юборишга қодир барча воситалар бор. Қизил денгиз уларнинг мозорига айланади», деган.

Яман ҳарбий денгиз кучлари Боб ал-Мандиб бўғозини миналаштиришини эълон қилди.

АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали расмийси Politico нашрига айтишича, 19 давлат Қизил денгиздаги савдо йўлларини ҳимоя қилиш учун «Prosperity Guardian» (Фаровонлик соқчиси) операциясида қатнашиш учун рўйхатдан ўтган, бироқ уларнинг аксарияти ўз иштирокини оммага ошкор қилмасликни сўраган.

Дарвоқе, ушбу воқеалар фонида Малайзия Исроилнинг ZIM юк ташиш компанияси кемаларига Малайзиянинг барча портига киришни тақиқлаганини эълон қилди.

Путиннинг янги баёнотлари

Россия президенти Владимир Путин Мудофаа вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида иштирок этиди ва бир неча баёнотлар берди.

Путинга кўра, Ғарбнинг Россияга нисбатан гибрид ууруши кучайиб бормоқда. Украина «реал вақт режими»да резведка маълумотларини ва замонавий қурол-яроғ тизимларини олиб турибди.

НАТОнинг фаоллиги кескин ошган. Россия чегарасига АҚШнинг катта кучлари ташланган. Шарқий ва Марказий Европада алянс қўшинлари сони ортган.

Путинга кўра, Россия НАТО давлатларига ҳужум қилишни режалаштирмаган ва келгусида ҳам бундай нияти йўқ.

Россия «махсус ҳарбий амалиёт» вазифаларидан воз кечмайди. Россия қўшинлари ташаббусга эга, «душман катта йўқотишларга дучора бўлмоқда. Ғарб ҳарбий техникасининг ўқ ўтмаслиги тўғрисидаги миф қулади», деган Путин.

Путин ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини такомиллаштириш кераклигини таъкидлади. «Биз фанердан ясалган кичик дрончалар деб ўйлаган нарса яхшигина зиён етказа олиши маълум бўлди», деган у.

Зеленскийнинг матбуот анжумани

Украина президенти Володимир Зеленский икки соатлик катта матбуот анжумани ўтказди. Анжуманда янграган энг муҳим баёнотлар билан таништирамиз.

«Мен ютқазаяпмиз деб ўйламайман — мамлакатимизнинг марказий ҳудудлари, инфратузилма объектлари, йўллар, темирйўллар, иқтисодиёт ўтган йилги қишда тўлиқ блокадада эди, ҳозирги вазият ўтган йилгидан буткул фарқ қилади», деган Зеленский

Зеленскийга кўра, Украина осмонини бир нечта Patriot ва NASAMS ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари қўриқлайди, бироқ у уларнинг аниқ сонини айта олмаслигини билдирган.

Украина президенти Бош штаб ва бош қўмондан 500 минг кишини сафарбар қилиш учун сўров жўнатгани, бироқ бундай нарсани маъқуллаш учун кўпроқ далил кераклигини, бундай мобилизация Украинага 500 млрд гривнага тушишини айтган.

Зеленский Россия флоти ортиқ Қора денгизда ҳукмрон эмаслигини, 2023 йилда Россия жанг майдонида бирорта арзирли натижага эриша олмаганини таъкидлаган.

Барбод бўлган қарши ҳужумни тушунтирар экан, Зеленский «биз осмонни назорат қилмаяпмиз, бу ёзги қарши ҳужум операциясига салбий таъсир ўтказди», деган.

«Путин «махсус ҳарбий амалиёт вазифалари ўзгармайди», деди. Демак бу одам тинчликни истамаяпти. Россия билан музокаралар ўтказиш ҳозирча долзарб эмас», — деган Зеленский.

Украинага ёрдам

Япония Украинага қўшимча 4,5 млрд доллар ёрдам ажратмоқчи деб хабар беради Kyodo агентлиги. Аввалроқ Япония ТИВ Токио йил охиригача Россияга қарши чекловларни айланиб ўтишга кўмак бераётган учинчи давлатларга нисбатан санкцияларини кенгайтиришини эълон қилган эди.

АҚШ мулозимлари G7 давлатларига Россия Федерациясининг музлатилган активларини Киевга Жаҳон банки ёки Европа тараққиёт ва тикланиш банки орқали бериш вариантини ўрганиб чиқишни таклиф қилишди. Эслатиб ўтамиз, Россиянинг хорижда 300 млрд доллардан ортиқ активлари музлатилган. Ғарб давлатлари анчадан буён бу пулларни Украинага бериш вариантлари устида бош қотиришмоқда.

Собиқ «вагнер»чи россияга қарши гувоҳ

«Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг собиқ инструктори, полковник Игор Саликов Нидерландияга келиб, Халқаро жиноят судига Россиянинг Украинадаги ҳарбий жиноятлари тўғрисидаги маълумотларни топширган.

Украинага қарши урушда у 2014 йилдан буён иштирок этади ва ўзининг таъкидлашича, кўплаб жиноятларга гувоҳ бўлган.

«Вагнер» ва «Редут» хусусий ҳарбий компанияларида хизмат қилган Саликов Ҳалқаро жиноят судида Россиянинг Украина, Сурия ва Африкада халқаро ҳуқуқларни поймол қилгани борасида гувоҳлик беришга тайёрлигини таъкидлаган. У шунингдек, Россия махсус хизматлари томонидан Украиналик болаларни Беларусга олиб ўтилгани ҳақида ҳикоя қилиб берган.

Доналд Трамп сайловдан четлатилди

АҚШнинг Колорадо штати олий суди Доналд Трампга 2024 йилги президентлик сайловларида иштирок этишни тақиқлади.

Суд қарори фақат мазкур штат ҳудудида амал қилади ва 4 январдан кучга киради. Трампнинг командаси суд қарори устидан апелляция беришини эълон қилди.

Мавзуга оид