Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БААнинг Эронга эҳтимолий ҳужуми ва пул ювишда айбланаётган Андрей Ермак – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
«Жон талвасасидаги» сулҳ
АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан ўт очишни тўхтатиш режими «жон талвасасида» эканини айтди. Трампга кўра, Эроннинг жавоби 7 апрелдан бери амалда бўлган сулҳ мақомига таҳдид солмоқда.
«Улар бизга юборган чиқинди бўлагини ўқиб чиққач, мен буни ҳозирги вақтдаги энг заиф ҳолат, деб атаган бўлардим. Мен уни охиригача ўқиб ҳам ўтирмадим», деди сулҳни тугатиш билан бир неча бор таҳдид қилган Трамп.
Барча фронтларда урушни тўхтатишга чақирган ва товон талаб қилган Эрон эса душанба куни ўз позициясини ҳимоя қилди. «Бизнинг талабимиз қонуний», деди ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий. Парламент спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф Эрон қуролли кучлари ҳар қандай «тажовузкорлик ҳаракати»га қатъий жавоб беришга тайёрлигини эслатди.
Ғолибоф шунингдек, АҚШдаги ортиб бораётган норозилик ҳақида эслатди: «улар қанча кўп вақтни чўзишса, Америка солиқ тўловчилари шунча кўп бадал тўлайди», деб ёзди у.
АҚШ эса душанба куни Эрондан Хитойга нефт ташишда ёрдам бераётган шахслар ва компанияларга қарши янги санкциялар жорий қилди. Бу Теҳроннинг ҳарбий ва ядровий дастурларини молиялаштиришни тўхтатишга қаратилган ҳаракатларнинг бир қисми экани айтилмоқда.
Урушда воситачилар қаторига Туркия ҳам қўшилиши мумкин. Хусусан, ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан сешанба куни Қатарда можаро ва бўғозда навигация хавфсизлигини таъминлаш бўйича музокаралар ўтказади.
БААнинг Эронга эҳтимолий ҳужуми
Бирлашган Араб Амирликлари Теҳрон томонидан амалга оширилган ҳужумларга жавобан ўтган ойда Эронга ҳарбий зарбалар берган. Бу ҳақда Wall Street Journal нашри вазиятдан хабардор манбаларга таяниб маълум қилди. Қайд этилишича, ушбу вазиятда БАА урушнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён бўлмоқда.
Расмий Абу-Даби ҳозиргача Эронга қилинган ҳужумларни тан олмаган. Нашр маълумотларига кўра, БАА Қуролли Кучларининг зарбаларидан бири апрел ойи бошида Эроннинг Лаван оролидаги нефтни қайта ишлаш заводига берилган. Тахминан ўша вақтда АҚШ президенти Эрон билан сулҳ эълон қилганди.
Ўшанда Эрон Лавандаги завод «душман ҳужуми»га учраганини маълум қилган, кейин БАА ҳамда Кувайтга ракета ва дрон зарбалари йўллаганди.
Суҳбатдошларга кўра, АҚШ Лаван оролига қилинган ҳужумдан норозилик билдирмаган. Чунки Вашингтон томонидан эълон қилинган сулҳ ҳали кучга кирмаган эди. Шу билан бирга, АҚШ Кўрфаз давлатларининг жанговар ҳаракатлардаги иштирокини «ортиқча шовқин-суронсиз олқишлайди».
БАА ТИВ вакили Лаван оролига берилган эҳтимолий зарба юзасидан изоҳ беришдан бош тортди. Бироқ аввалроқ берилган расмий баёнотларга ишора қилди. Унда Абу-Даби ҳар қандай душманона ҳаракатларга, жумладан, ҳарбий йўл билан жавоб қайтариш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши айтилганди. Пентагон ҳам БААнинг урушдаги иштироки бўйича изоҳ бермади.
WSJ ҳисоб-китобларига кўра, уруш бошланганидан буён Эрон БААга жами 2800 та дрон ва ракета билан ҳужум қилган. Бу ҳар қандай бошқа давлатга, жумладан, Исроилга қилинган ҳужумлардан ҳам кўпроқ экани айтилмоқда.
БААда кучли ҳарбий авиация — Франциянинг Mirage ва АҚШнинг F-16 қирувчи самолётлари мавжуд.
Андрей Ермак пул ювишда айбланмоқда
Украина Миллий аксилкоррупция бюроси ва Ихтисослаштирилган прокуратура мамлакат президенти офисининг собиқ раҳбари Андрей Ермак жиноий йўл билан топилган маблағларни легаллаштиришда гумонланаётганини билдирди.
Гап Киев яқинидаги элита қурилишда тахминан 8,9 миллион евро миқдоридаги маблағларни «ювиш» ҳақида бормоқда.
Терговчиларнинг фикрича, Андрей Ермак уюшган гуруҳ таркибида ҳаракат қилган. Украинанинг аксилкоррупция органлари ушбу гуруҳни «Мидас» деб номланган махсус операция доирасида фош этган.
«Украинская правда» нашрининг қайд этишича, Ермакнинг ўзи коррупцияга оид жиноятларга алоқадорлигини инкор этмоқда ва «фақат битта машина ва битта квартираси борлигини» айтмоқда.
Андрей Ермак 2020 йил февралидан буён Украина президенти офисига раҳбарлик қилиб келаётганди. У Володимир Зеленскийнинг энг яқин сафдошларидан бири ва мамлакатда давлат раҳбаридан кейинги иккинчи энг нуфузли шахс ҳисобланган.
Зеленский Ермакни 2025 йил 28 ноябрда президент офиси раҳбари лавозимидан бўшатган. Бунгача Ермакнинг ўзи «Энергоатом» компанияси атрофидаги коррупцион можаро ва уйида ўтказилган тинтувлар фонида истеъфо сўраб ариза ёзганди.
Евроиттифоқ яҳудий кўчманчиларга қарши санкциялар киритади
Душанба куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Ғарбий соҳилдаги зўравон яҳудий кўчманчиларга, шунингдек, Ҳамас етакчиларига қарши янги санкциялар бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда иттифоқнинг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Каллас маълум қилди.
Ушбу санкциялар пакети ҳали шахси оммага очиқланмаган уч кўчманчи ва тўртта кўчманчилар ташкилотини нишонга олади. Бунга қадар сайловларда мағлуб бўлган Венгриянинг аввалги ҳукумати бу санкцияларни ойлар давомида блоклаб келганди.
Европа ҳукуматлари Ғарбий соҳилда фаластинликларга нисбатан яҳудий кўчманчилар томонидан содир этилаётган зўравонликлар кўпайиб бораётганидан хавотир билдирган. «Турғунликдан натижага ўтиш вақти келган эди. Экстремизм ва зўравонлик ўз оқибатларига эга», деб ёзган Каллас хоним.
Исроил бош вазири идораси ва ташқи ишлар вазири Гидеон Цаар Европанинг бу ҳаракатларини қоралаган. Улар ўз фуқаролари Ҳамас етакчилари билан бир қаторга қўйилганидан ғазабда.
Ўз навбатида Ҳамаснинг юқори мартабали мулозими Басим Наим ҳам Европа вазирларининг ўз гуруҳига қарши ҳаракатини танқид қилиб, Евроиттифоқни сиёсий иккиюзламачиликда айблади.
«Улар геноцид ва этник тозалаш содир этиш билан мақтанадиганлар — ҳар қандай халқаро қонунни бузувчи ёвуз давлатни, барча қонун ва низомларга мувофиқ ўзини ҳимоя қилаётган жабрдийдалар билан тенглаштирмоқда», деди у.
ЖАР президенти истеъфо чақириқларини рад этди
Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафоса унга нисбатан импичмент жараёнини қайта тиклаган Конституциявий суд қарорини ҳурмат қилишини, бироқ ўзини ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирди.
Сиёсий таҳлилчиларнинг фикрича, Рамафоса ўзига нисбатан билдирилаётган айбловларга қарши курашишга уринади, бироқ ноябр ойида бўлиб ўтадиган муниципал сайловлар олдидан унга нисбатан босим кучаймоқда.
2020 йилда президентнинг фермасидаги диван ичидан 580 000 доллар ўғирланган. Аммо собиқ разведка мулозимининг таъкидлашича, ўғирланган маблағ камида 4 миллион долларни ташкил этган.
Ушбу ўғирлик Рамафоса бунча нақд пулни қаердан олгани борасида саволларни келтириб чиқарди.
2018 йилдан бери давлат раҳбари бўлиб келаётган Рамафоса ҳар қандай қонунбузарликни доим инкор этиб келади. Президент бўлгунга қадар бой тадбиркор бўлган Рамафоса бу пуллар буйволларни сотишдан тушган даромад эканини айтган. Марказий банк текшируви унинг валюта назорати қоидаларини бузмаганини аниқлаган.
Маҳаллий ОАВ томонидан «Фармгейт» деб номланган ушбу можаро 2022 йилда фош бўлганидан бери Рамафоса учун катта шармандалик бўлиб келмоқда. Чунки у коррупцияга қарши курашиш ва ўз партияси имижини тозалаш ваъдаси билан ҳокимиятга келганди.
Мавзуга оид
14:15 / 11.05.2026
Эроннинг таклифини рад этган Трамп ва Покистонда террорчилик ҳужуми – кун дайжести
13:51 / 08.05.2026
АҚШ ва Эрон ўртасида отишма, Хитойда ўлимга ҳукм қилинган вазирлар ва Ҳамас расмийсининг ўғлини ўлдирган Исроил – кун дайжести
15:39 / 07.05.2026
АҚШ–Эрон келишувга яқинлашди, Европада Кремлга қарши трибунал тузиляпти – кун дайжести
15:49 / 06.05.2026