Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ ва Эрон ўртасида отишма
Пайшанба куни АҚШ ва Эрон ўртасида яна отишма рўй берди. Бу бир ой давом этган сулҳ давридаги энг жиддий синов бўлди.
Эрон ҳарбий қўмондонлиги АҚШни Эрон нефть танкери ва яна бир кемани нишонга олганликда айблади. Шунингдек, АҚШ кучлари Ҳўрмуздаги Кешм ороли ва материкдаги иккита аҳоли пунктларига ҳаво ҳужумлари уюштирган. Эрон ҳарбийлари бунга жавобан бўғознинг шарқий қисмида ва Чобаҳор порти яқинида сузаётган АҚШ ҳарбий кемаларига ҳужум қилган.
Эрон ҳарбий вакили уларнинг зарбалари «сезиларли зарар» етказганини айтди. Бироқ АҚШ Марказий қўмондонлиги ўзининг бирорта объекти шикастланмаганини маълум қилди.
CENTCOM'нинг билдиришича, Эрон учта ҳарбий кемани нишонга олган ҳужумда ракета, дрон ва кичик қайиқлардан фойдаланган. АҚШ бунга жавобан ракета ва дрон базалари ҳамда бошқа нуқталарга зарба берган.
Эрон томони яна ҳужумга учраса, қатъий жавоб қайтаришини билдирди. «Эрон ҳар қандай тажовузга иккиланмасдан жавоб қайтаради», дейилади баёнотда. Кейинроқ Эрон давлат ОАВлари бир неча соатлик отишмадан сўнг вазият нормал ҳолатга қайтганини хабар қилди.
Президент Доналд Трамп журналистларга сулҳ ҳали ҳам кучда эканини айтди ва тўқнашувнинг аҳамиятини пасайтиришга ҳаракат қилди. «Улар бугун биз билан ҳазиллашди. Биз эса уларни яксон қилдик», деди Трамп.
Шунингдек, Трамп пайшанба кунги ҳарбий ҳаракатларга қарамай, Теҳрон билан музокаралар давом этаётганига ишора қилди. Унинг таъкидлашича, Эрон унинг «ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслик» талабига рози бўлган. «Уларда ядровий қуролга ноль имконият бор. Улар буни билишади. Буни имзолашадими ёки йўқми, кўрамиз», деди у.
Халқаро молиявий бозорлар эса тинчлик келишуви ҳақидаги умидларга қараб кескин тебраниб турибди.
Зеленский: Парадга борманг
Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг Ғалаба паради муносабати билан эълон қилган чекланган сулҳини танқид қилди.











