Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ–Эрон келишувга яқин

Чоршанба куни Эрон АҚШнинг тинчлик таклифини кўриб чиқаётганини маълум қилди. Манбаларга кўра, ушбу таклиф урушни расман тугатишни назарда тутади. Бироқ АҚШнинг асосий талаблари — Эроннинг ядровий дастурини тўхтатиш ва Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш масалаларини очиқ қолдиради.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмийсининг билдиришича, Теҳрон ўз жавобини тез орада етказади. АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон келишувга эришишни истаётганига ишонишини айтди.

«Улар келишув тузмоқчи. Охирги 24 соат ичида жуда яхши музокаралар олиб бордик ва келишувга эришишимиз эҳтимоли жуда юқори», деди Трамп Овал кабинетда журналистларга.

Трамп 28 февралда бошланган урушни тугатадиган келишув истиқболини бир неча бор юқори баҳолаган, бироқ ҳозирча муваффақиятга эришмаган.

Покистонлик манбалар ҳам можарога расман чек қўядиган бир саҳифалик меморандум бўйича келишувга яқин эканини айтди.

Эрон парламентининг ташқи сиёсат ва миллий хавфсизлик қўмитаси вакили, депутат Иброҳим Ризоий ҳужжат матнини «ҳақиқатдан кўра кўпроқ Американинг орзулар рўйхати» деб таърифлади.

Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф сўзларига кўра, бундай хабарлар АҚШ Ҳўрмуз бўғозини очолмаганидан кейинги навбатдаги «тарғибот ўйини»дир.

Хитой–Эрон музокаралари

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи чоршанба куни Пекинда Хитой ташқи ишлар вазири Ван Ин билан учрашди.

Учрашувдан сўнг Ароқчи Хитой бош дипломатига АҚШ билан олиб борилаётган музокаралар ҳақида маълумот берганини билдирди. Ароқчи Эрон музокараларда ўз қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун бор кучини ишга солишини айтган.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги музокаралардан сўнг «тинчликка ўтишнинг ҳал қилувчи палласида» эканини таъкидлади:

«Хитой ҳарбий ҳаракатларни бутунлай тўхтатиш шарт деб ҳисоблайди. Можароларнинг қайта бошланиши қабул қилиниши мумкин эмас ва музокараларни давом эттириш айниқса муҳимдир».