Жаҳон | 09:35 / 20.12.2023
4966
2 дақиқада ўқилади

Словакияда минглаб одамлар ҳукуматга қарши намойишга чиқди

Словакия бош вазири Фицо кабинети шов-шувли коррупция ишлари билан шуғулланувчи махсус прокуратурани тугатмоқчи. Бу ташаббус мухолифатнинг норозилигига сабаб бўлди.

Фото: Vaclav Salek/CTK/picture alliance

19 декабр, сешанба куни Словакиянинг бир қанча шаҳарларида ҳукумат ва бош вазир Роберт Фицога қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Братиславада 15 мингдан 18 минггача одам кўчага чиқди, деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВ. Намойишлар мамлакат шарқидаги Кошица ва бошқа бир қанча шаҳарларда ҳам бўлиб ўтди, дея хабар беради TASR ахборот агентлиги. 

Намойишчилар ҳукуматнинг уюшган жиноятчилик ва сиёсий жиноятлар билан шуғулланувчи махсус прокуратурани тугатиш режасига норозилик билдирмоқда. Намойишларни уюштирган мухолифат партиялари қонун устуворлигига таҳдид борлиги ҳақида огоҳлантирди ва ҳокимиятни Фицонинг марказий сўл популистик «Йўналиш - социал-демократия» партияси ҳукмронлиги даврида юқори лавозимли сиёсатчилар ўртасидаги коррупцияни яширишга уринаётганликда айблади. «Биз қишда ҳам, ҳатто байрамларда ҳам демократияни ҳимоя қиламиз», деди либерал «Прогрессив Словакия» партияси раҳбари Михал Шимечка пойтахтда йиғилганларга қарата. 

Фицо кабинети махсус прокуратурани «сиёсийлаштирилган» деб ҳисоблайди 

Махсус прокуратура, биринчи навбатда, мафияга қарши курашиш учун яратилган, лекин айни пайтда шов-шувли коррупция ишлари билан шуғулланади. Октябр ойидан бери ишлаётган янги вазирлар маҳкамаси Фицо бошчилигида бир неча кун олдин ушбу тузилмани ҳаддан ташқари «сиёсийлаштирилган» деб ҳисоблаб, тугатишга қарор қилди. Хусусан, бош вазир бу органни ўз сафдошларига нисбатан нохолисликда айблади. 

Бир кун аввал Люксембургдаги Европа ягона прокуратураси режалаштирилган ишни «қонун устуворлигини бузишнинг жиддий хавфи» деб таърифлаган эди. Словакия парламенти баҳсли ислоҳотни 2024 йил январида кўриб чиқмоқчи. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид