Жаҳон | 10:47 / 21.12.2023
6183
3 дақиқада ўқилади

Россия футбол иттифоқи Осиё футбол конфедерациясига ўтишга қарши чиқди

Ижроия қўмита аъзолари ФИФА кафолатисиз Осиёга ўтиш мантиқий эмас, деб ҳисоблади. РФИ УЕФА билан Россия жамоаларининг халқаро турнирларга қайтиши масаласини ҳал қилмоқчи. 

Фото: Россия футбол иттифоқи

Россия футбол иттифоқи (РФИ) ижроия қўмитаси 20 декабр, чоршанба куни Осиё футбол конфедерациясига (ОФК) ўтишга қарши овоз берди. Ижроия қўмитасининг барча аъзолари халқаро турнирларга кириш учун ФИФА кафолатисиз Осиёга ўтиш мантиққа тўғри келмаслигини билдирди. «Осиё керак эмас, биз Европа учун курашамиз. Россия бу - Европа, биз ғалаба қозонамиз. Осиёга ўтмасликка қарор қилдик, ҳамма бир овоздан қарорни қўллаб-қувватлади», - дея РФИ вице-президенти Аҳмад Айдамировдан иқтибос келтирган ТАСС агентлиги.

Ўз навбатида, Россия футбол иттифоқи президенти Александр Дюков ташкилот ижроия қўмитасининг Осиё футбол конфедерациясига қўшилмаслик ҳақидаги қарори якуний эмаслигини айтди. «Конфедерацияни ўзгартириш варианти йўқ бўлиб кетмайди. Биз бу имкониятдан унумли фойдаланишимиз мумкин, агар бу йил бўлмаса, кейинги йил», - дея Дюковнинг сўзларини келтирган «Спорт-Экспресс» нашри.

Украинадаги уруш туфайли 

2022 йилнинг 28 февралида Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) ва Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) Россиянинг Украинага қарши уруши туфайли Россия клублари ва миллий жамоалари барча турнирларда иштирок этишини тўхтатди. Натижада Россия эркаклар миллий жамоаси 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатига саралаш учун плей-офф босқичида иштирок эта олмади, аёллар жамоаси эса Евро-2022да ўйнаш имкониятидан маҳрум бўлди. Ўша йилнинг май ойида УЕФА Россия клубларини 2022-2023-йилги мавсум учун Европа мусобақаларидан четлатган. 

2022 йилнинг июл ойида Спорт арбитраж суди (CAS) РФИнинг ФИФА ва УЕФА қарорлари устидан шикоятини рад этди. 

2022 йил ноябр ойи охирида Россия футбол иттифоқи президенти РФИ Осиё футбол конфедерациясига ўтиш имкониятини кўриб чиқаётганини айтди. Бироқ 30 декабр куни РФИ УЕФА ва бошқа ташкилотлар билан Россия жамоаларининг халқаро турнирларга қайтиши бўйича йўл харитасини ишлаб чиқадиган ишчи гуруҳи тузмоқчилиги маълум бўлди, ОФКга ўтиш ғоясини муҳокама қилиш номаълум муддатга қолдирилди. 

Мавзуга оид