Жаҳон | 00:30 / 22.12.2023
10486
2 дақиқада ўқилади

Байден маъмурияти Россиянинг музлатилган активларини Украинага бериш учун музокара бошлади — ОАВ

Гап Россиянинг тахминан 300 миллиард долларлик активлари ҳақида бормоқда. Конгрессда бундай чорани қўллаб-қувватлаётганлар кўпайган.

Фото: The New York Times

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Россиянинг музлатилган активларини Украинага бериш учун иттифоқчилар билан шошилинч музокараларни бошлади. Бу ҳақда The New York Times ёзди.

Нашр манбаларига кўра, Конгрессда бундай чорани қўллаб-қувватлаётганлар кўпайган, бу эса АҚШ президенти маъмуриятида «некбинлик уйғотади».

Нашр суҳбатдошларининг айтишича, сўнгги пайтларда Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Канада ва Япония расмийлари билан тегишли музокаралар жадаллашган, чунки Қўшма Штатлар 2024 йил 24 февралгача, яъни Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсдаги босқинининг 2 йиллигигача стратегия ишлаб чиқмоқчи. Гап Россиянинг тахминан 300 миллиард долларлик активлари ҳақида бормоқда.

Бундан олдин АҚШ молия вазири Жанет Йеллен Конгресс розилигисиз маблағларни олиб қўйиш «Қўшма Штатларда қонун билан рухсат этилган нарса эмас»лигини айтган эди. NYT ёзганидек, бундай прецедентдан баъзи юқори мартабали америкалик амалдорлар ҳам қўрқишади, чунки мусодара қилиш бошқа мамлакатлар ўз жамғармаларини Нью-Йоркдаги Федерал захира тизимида ёки долларда сақлашдан бош тортишига олиб келиши мумкин.

Мусодара қилинган Россия маблағларидан фойдаланиш бўйича баҳслар Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлардаги сиёсий келишмовчиликлар фонида кечмоқда. Хусусан, АҚШ Конгресси Украинага 60 миллиард доллар миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича келиша олмади, чунки республикачилар чегара ҳимояси ва иммиграция қонунларини кучайтиришни талаб қилмоқда.

Ўтган ҳафта Financial Times газетаси АҚШ ҳукумати Россиянинг музлатилган активларини халқаро қонунларни бузмаган ҳолда мусодара қилиш йўлини топгани ва G7 йиғилишларида бу ҳақда тобора кўпроқ гапирилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид