Украина хориждаги эркакларни сафарбар қилиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрламоқда
Чет элдаги украиналик эркаклар худди ватанидаги каби идентификация қилиш тартиб-қоидаларидан ўтиши керак бўлади.
Украина Олий Радаси мамлакат Мудофаа вазирлиги билан биргаликда хориждаги украиналик эркакларни сафарбар қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлаш устида ишламоқда. Бу ҳақда Раданинг Миллий хавфсизлик, мудофаа ва разведка қўмитаси вакили Вадим Ивченко хабар берди.
«Бу кенг қамровли қонун лойиҳасидир, уни депутатлар, Мудофаа вазирлиги ва Бош штабнинг бутун жамоаси биргаликда ишлаб чиқмоқда», деди депутат.
Унга кўра, қонун лойиҳасини 2024 йил январ ойида овозга қўйиш режалаштирилмоқда.
«Чет элдаги украиналиклар ҳам ватанидаги каби идентификация қилиш тартиб-қоидаларидан ўтишлари керак. Агар кимдир сафарбарликка мажбурлар рўйхатига киритилса, албатта чақирув қоғози олади. Бу оддий жараён. Кейин эса у танлаши керак: Украинага қайтиб келиш ёки чет элда қолиш. Агар хорижда қолса, Украина қонунчилигини бузган бўлади», деб тушунтирди Ивченко.
Унинг қўшимча қилишича, хорижда қолганларга консуллик хизмати кўрсатилмаслиги мумкин. Яъни, унда ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлади. Шунингдек, банк карталари ҳам блокланиши мумкин.
Ҳужжат ҳали парламентда рўйхатдан ўтказилиши, икки ўқишда муҳокама қилиниши ва президент имзосини олиши керак.