Жаҳон | 09:13 / 23.12.2023
6854
3 дақиқада ўқилади

Япония АҚШга Patriot учун ўқ-дорилар етказиб бериш ниятида

Япония томонидан етказиб бериш эвазига Американинг зенит ўқ-дорилари захиралари тўлдирилади, деб хабар берди Оқ уй. Бу Украинага ўқ-дорилар етказиб беришни давом эттириш имконини беради.

Фото: Kyodo/IMAGO

Япония Қўшма Штатларга Patriot ҳаво мудофаа тизими учун зенит ўқ-дориларини етказиб беришни бошлашга тайёр, деб хабар берди Оқ уй 22 декабр, жума куни. Америка маъмурияти таъкидлаганидек, режалаштирилган етказиб бериш туфайли Америкада бундай ўқ-дориларнинг захиралари яна тўлиқ тўлдирилади.

Оқ уй баёнотига кўра, Patriot ўқ-дориларини Япониядан етказиб бериш тўғрисидаги қарор бутун Ҳинд-Тинч океани минтақаси хавфсизлигини мустаҳкамлайди ва АҚШ ҳарбийларига Япония томони билан яқин ҳамкорликда «тийиб туриш кучларини янада кучайтириш ва жавоб бериш қобилиятини сақлаб қолишга» ёрдам беради. 

Шу билан бирга, Американинг The New York Times нашри ёзганидек, япон томони Японияда ишлаб чиқарилган ва Ҳинд-Тинч океани минтақасида фойдаланиш учун мўлжалланган зенит ўқ-дориларини Украинага ёки бошқа можаро ҳудудларига бевосита етказиб берилмаслиги шартини қўйди. Бироқ, улар Украинага ҳарбий ёрдам сифатида Patriot ҳаво мудофаа тизимлари ва тегишли ўқ-дориларни етказиб бериш натижасида яратилган АҚШ захираларидаги бўшлиқларни тўлдириш учун ишлатилиши мумкин. Япония таъминоти Қўшма Штатларга Украинага зенит ракеталарини юборишни давом эттириш имконини бериши мумкин, дея таъкидлайди NYT. 

Американинг Украинага ҳарбий ёрдами 

18 декабр куни Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби Қўшма Штатлар йил охиригача Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини жўнатмоқчи эканини, бироқ кейинги таъминот сўроқ остида қолаётганини айтди. У ҳозирда Вашингтоннинг Киевга ҳарбий ёрдами учун аниқ қанча маблағ борлигига аниқлик киритмади. Килдаги Жаҳон иқтисодиёти институти (IfW) ҳисоб-китобига кўра, 2022 йил февралида Украина уруши бошланганидан бери Вашингтон Киевга 43,8 миллиард доллар ҳарбий ёрдам кўрсатган. 

АҚШ Конгресси Киевга ёрдам учун кейинги молиялаштиришни маъқулламади 

Октябр ойида АҚШ президенти Жозеф Байден Конгрессга Украина, Исроил ва Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги операцияларни фавқулодда молиялаштириш учун 106 миллиард долларлик сўров юборган. Қонун чиқарувчилар бу маблағни ажратиш бўйича ҳалигача келиша олмади. Декабр ойи ўрталарида Оқ уй раҳбари Киевга 200 миллион доллар миқдорида ҳарбий ёрдамнинг янги пакетини ажратишни маъқуллаган эди. Шу билан бирга, АҚШ Конгресси январгача Украинага ёрдам бериш масаласига қайтмайди. 

Мавзуга оид