Ўзбекистон | 20:26 / 24.12.2023
17243
2 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги туғуруқхонада ҳомиладор аёл вафот этди

Аёл туғуруқхонага тонгда олиб борилган. Тушга яқин вафот этган. 

Фото: Getty Images

Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманидаги туғуруқхонада ҳомиладор аёл вафот этган. Вилоят ССБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 2023 йил 22 декабр куни содир бўлган. 

22 декабр куни соат 4:00 ларда Паст Дарғом тумани Истиқлол маҳалласида яшовчи ҳомиладор аёл туман тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимига қорин қисмида дардсимон оғриқ билан қайнонаси ҳамда турмуш ўртоғи ҳамроҳлигида, тез тиббий ёрдам машинасида келтирилган. 

Ўтказилган тезкор тиббий кўриклар натижасида, ҳомиладор аёлда 2-ҳомиладорлик ва 2-туғруқ, ҳомиланинг 38 ҳафталиги, туғруқ белгилари, камқонликнинг ўрта оғир даражаси аниқланган.  

Ҳомиладор аёл туман туғуруқ бўлимида шифокорлар кузатувида бўлган. Бироқ унинг аҳволи тўсатдан кескин оғирлашган ва белгиланган стандартлар бўйича кўрсатилган муолажааларга қарамай у соат 10:35 да вафот этган. 

Ҳолат юзасидан туман ИИБга хабар берилган ва  марҳум Республика суд-тиббиёт экспертиза илмий-амалий маркази Самарқанд филиалига юборилган. 

Аниқланишича, аёлда ўнг кичик болдир суяги пастки учлигида ўсма аниқлангани боис унда 2022 йил 18 июл куни Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Дастлабки  суд-тиббий экспертиза маълумотларига кўра, марҳумада буйрак ва мезентериал артериаларнинг ёрилиши натижасида ҳаёт учун хавфли бўлган массив ўткир қон кетиши, ҳомилага алоқаси бўлмаган ҳолда қорин бўшлиғида  қон ва қон лахталари аниқланган.

«Ҳозирда, Республика суд-тиббиёт экспертиза илмий-амалий маркази Самарқанд филиалида экспертиза текширувлари олиб борилмоқда. Текширувлар якуний натижалари ва ўрганиш хулосалари бўйича қўшимча маълумот берилишини маълум қиламиз», дейилади хабарда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид