Жаҳон | 21:32 / 24.12.2023
14358
8 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқдаги вазият: ЦАҲАЛ Ғазо шимолида назорат ўрнатганини айтмоқда; Қизил денгизда савдо кемалари ўққа тутилмоқда

Фото: Reuters

Исроил армияси Ғазонинг шимолий қисмида деярли тўлиқ оператив назоратга эришгани ва қуруқлик амалиётини секторнинг бошқа ҳудудларига ҳам кенгайтиришга тайёрланаётганини маълум қилди. Бу вақтда Яманда Эрон қўлловида ҳаракатланувчи ҳусийчилар ракета ва дронлар билан Қизил денгиздаги савдо кемаларини ўққа тутишни давом эттирмоқда.

ЦАҲАЛ Ғазо шимолини назорат қилаётганини айтган бўлса-да, Reuters агентлиги хабарига кўра, бу ҳудудга ҳаво зарбалари йўлланиши тўхтагани йўқ. Агентлик маълумотига кўра, якшанбага ўтар кечаси исроилликлар Ғазонинг Исроил билан шимолий чегараси яқинидаги Жабалия шаҳри ҳудудини ўққа тутган.

Жабалияликлар эса исроилликларнинг танклари ҳам шаҳарга киргани ва ўт очаётгани ҳақида хабар беришган.

Исроил ҳарбийлари маълумотларига кўра, ЦАҲАЛ Ғазода катта қаршиликка дуч келмоқда. Исроил мудофаа армияси сектордаги жанглар вақтида яна тўққиз аскари ҳалок бўлганини хабар қилган, эндиликда жами йўқотишлар сони 154 нафарни ташкил этмоқда.

Исроил ҳарбий амалиёт ва Ғазога бостириб кириш бошланганидан буён 700 нафар фаластинлик қўлга олинганини маъулм қилган. ҲАМАС эса исроиллик ҳарбийлар асосан аёллар ва болаларни ўлдираётганини иддао қилади.

Исроил амалиёт давомида Ғазонинг шимолий ҳудудлари аҳолисини хавфсиз жойларга кетишга чақириб келади. Исроиллик ҳарбийлар соҳил бўйлаб жойлашган анклавнинг марказий ва жанубий қисмларидаги нишонларга ҳам зарба бермоқда.

Исроил армияси ҲАМАСнинг Ғазо шаҳрининг Исса туманидаги туннеллари акс этгани айтилган видеони намойиш этди. Аммо Reuters агентлиги видеодаги жой ва сана ҳақидаги маълумотларни тасдиқлай олмаган.

Исроил ҳамасчиларни туннеллар ва бошқа ҳарбий инфратузилма объектларини тинч аҳолидан жонли қалқон сифатида фойдаланиш учун турар жойлар ҳудудларига жойлаштиришда айблайди, ҲАМАС эса бу айбловларни рад этади.

ҲАМАС исроилликларнинг авиазарбалари туфайли гаровдаги беш нафар исроиллик учун масъул бўлган гуруҳ билан алоқани йўқотганини маълум қилган. Исроил ҳарбийлари вакили эса бу даъвони ҲАМАС томонидан «психологик терроризм» деб баҳолаган.

Фаластинликларнинг соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Ғазода ҳалок бўлганлар сони 20 258 кишига етди.

Яна минглаб жасадлар вайроналар остида қолиб кетган. Вазирликнинг шанба кунги маълумотномасида айтилишича, бир куннинг ўзида яна 201 киши ўлдирилган ва 368 киши яраланган. Ғазода яшовчи 2,3 млн кишининг деярли барчаси ўз уйларини вақтинча тарк этишга мажбур бўлган.

Дипломатик саъй-ҳаракатлар

Шанба куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва АҚШ президенти Жо Байден телефон орқали Исроилнинг Ғазодаги амалиётини муҳокама қилди.

Оқ уй хабарига кўра, Байден ва Нетаняҳу Исроил ҳарбий амалиётининг «мақсадлари ва босқичлари», тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва ҲАМАС қўлида қолаётган асирларни қутқариш зарурати ҳақида гаплашишган.

Байден «тинч аҳолини, шу жумладан инсонпарварлик ёрдами бўйича амалиётларда қатнашаётганларни ҳимоя қилиш муҳимлиги ҳамда тинч аҳолига ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган ҳудудлардан хавфсиз тарзда чиқиш имкониятини тақдим этиш заруратини қайд этди», дейилади Оқ уй хабарида.

Кўплаб фаластинликлар Ғазо шимолидан сектор жанубига қочиб ўтишга мажбур бўлишган. Фото: EPA

Нетаняҳу, ўз навбатида, «Исроил урушни ўзининг барча мақсадларига тўлиқ эришгунига қадар давом эттиришини аниқ билдирди», дейилади бош вазир офисида.

Исроилнинг асосий иттифоқчиси саналадиган Вашингтон Тел-Авивдаги ҳукуматни қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда, аммо Ғазода қурбонлар сони ошаётгани ва гуманитар инқироз чуқурлашаётганидан хавотир билдирмоқда. Америка расмий шахслари Исроил тез орада уруш шиддатини сўндириб, ЦАҲАЛ амалиётлари фақатгина ҲАМАС раҳбарияти ва унинг инфратузилмаларига қаратилишини кутмоқда

Байден журналистларга «ўт очишни тўхтатишни сўрамагани»ни айтган, Нетаняҳунинг офиси эса бош вазир АҚШнинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги позицияси учун Байденга миннатдорчилик билдиргани ҳақида хабар берган.

Жума куни бир неча кунлик музокаралардан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгаши Американинг муқаррар ветосидан қочиш учун резолюция лойиҳасидан урушни зудлик билан тўхтатиш чақириғини чиқариб ташлади. АҚШ ва Исроил ўт очишни тўхтатишга қарши ва бу ҲАМАС қайта гуруҳланиши ва қайта қуролланиши учун имкон беришини айтади.

Вашингтон Ғазога «хавфсиз, тўсиқсиз ва кенгайтирилган гуманитар ёрдам кириши ҳамда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш учун шарт-шароит яратилиши»ни таъминлаш учун зарур чоралар кўришни талаб қилувчи якуний баёнотда иштирок этмади.

Кемаларга янги ҳужумлар

Бу вақтда эса Эрон қўлловида ҳаракатланадиган яманлик ҳусийчилар Қизил денгиздаги савдо кемаларини ракеталар ва учувчисиз учар қурилмалар билан ўққа тутишда давом этмоқда.

Ғазода қуролли можаро бошланганидан кейин Ямандаги исёнчилар ҲАМАС билан бирдамлигини изҳор этган ва Исроилга алоқадор бўлган ҳар қандай кемага зарбалар йўллашни ваъда қилганди.

АҚШ марказий қўмондонлиги хабар қилишича, шанба куни «Яманнинг ҳусийчилар назорат қиладиган ҳудудидан Қизил денгизнинг жанубий қисми томон кемаларга қарши иккита баллистик ракета учирилган, баллистик ракеталардан бирорта кема шикастланмаган».

Америка нашрларида тарқалган хабарга кўра, ушбу ҳудудда навбатчиликда турган USS Laboon ҳарбий кемаси «Яманнинг ҳусийчилар назорати остидаги қисмидан Америка кемалари томон йўналган тўртта учувчисиз учиш аппаратни уриб туширган».

Шанба кунининг иккинчи ярмида Қизил денгиз жанубидаги иккита танкер дронлар ҳужуми ҳақида хабар берди. Улардан бири кемага келиб урилиши оқибатида жабрланганлар бўлмаган; иккинчи кемага зарба етиб келмаган.

Америкалик ҳарбийларга кўра, шу куни Ҳинд океанида Эрон ҳудудидан учирилган дрон қулаган, у кимёвий маҳсулотлар ортилган Chem Pluto танкерига урилган. Бу маҳаллий вақт билан 23 декабр куни соат 10:00 атрофида (06:00 GMT)Ҳиндистон қирғоғидан 200 денгиз миляси (370 км) масофада содир бўлган. Натижада танкер бортида ёнғин келиб чиққан, аммо у тезда ўчирилган, жароҳат олганлар йўқ.

Шанба куни Вашингтон Эрон Қизил денгиздаги тижорат кемаларига қарши амалиётларни режалаштиришга «жиддий алоқадорлиги»ни маълум қилди.

Оқ уйнинг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича матбуот котиби Эдриенн Уотсоннинг таъкидлашича, бу «Эроннинг ҳусийчиларнинг минтақадаги беқарорлаштирувчи ҳаракатларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича узоқ муддатли кампаниясининг бир қисмидир».

Эрон ҳеч қандай изоҳ бермаган. Аммо бригада генерали, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси раҳбари Муҳаммад Ризо Накди агар «Америка ва унинг иттифоқчилари Ғазода жиноятлар содир этишни давом эттирса», Эрон Қизил денгиздан бошқа сув йўлларини ҳам ёпишга мажбур қилишидан огоҳлантирган.

Унинг сўзларига кўра, бу Ўрта Ер денгизи ва Гибралтар бўғозига ҳам тааллуқли, аммо генерал бошқа тафсилотларни келтирмаган.

Ўтган ҳафтада дунёнинг энг йирик кемачилик компаниялари Яман томондан ракета ва дронлар орқали зарбалар давом этаётгани туфайли ўз кемаларини Қизил денгизни айланиб ўтган ҳолда йўналтира бошлаганди. АҚШ ва Европадагилар тижорий юк ташишни муҳофаза қилиш учун минтақада тезкор ҳаракат кучларини ташкил этиш имкониятини муҳокама қилмоқда.

Мавзуга оид