Жаҳон | 19:41 / 25.12.2023
11177
9 дақиқада ўқилади

Колорадо суди Трампга сайловда қатнашишни тақиқлади. Бу нимага олиб келиши мумкин?

Бу ҳукм фақат Колорадо штатида амал қилади. Иш жиддийлашса, Трампнинг рейтингига ҳам таъсир қилиши мумкин. Аммо ҳозирча Трампга қарши чиқарилган суд ҳукми унинг зарарига эмас, пиарига ишлаши эҳтимоли юқори.

АҚШнинг Колорадо штати Олий суди Доналд Трампни келаси йилги президентлик сайловларига қўймаслик бўйича ҳукм чиқарди. АҚШ конституциясининг «исён ва қўзғолонда қатнашган шахслар давлат лавозимини эгалламаслиги» тўғрисидаги тузатиши ҳукм учун асос қилиб олинган.

2021 йил 6 январ куни Трамп тарафдорлари Вашингтондаги Капитолий ва Конгресс биносига бостириб кириб, Байден ғолиб бўлган сайлов натижаларидан норози эканини билдирганди. Суд собиқ президент Трампнинг бу исёнда эҳтимолий алоқасини ҳисобга олиб, унга сайловда иштирок этишни тақиқлади.

Шу тариқа, Трамп АҚШ конституцияси 14-тузатишига кўра сайловда иштирок этиши ноқонуний деб топилган мамлакат тарихидаги илк номзодга айланди. Бунгача ҳам бошқа судлар бир неча марта собиқ президентни сайлов бюллетенларидан номини ўчиришга ҳаракат қилган, лекин бу уринишлар муваффақиятсиз чиққанди.

Колорадо суди ҳукми АҚШ Олий суди тегишли апелляция аризасини кўриб чиқишга улгуриши учун 2024 йил 4 январдан кучга киради.

Судялар иккига бўлинди

Колорадо штати Олий судининг 7 нафар судяси Трампга қарши ишда иккига бўлинди дейиш мумкин. Охир-оқибат овозлар 4:3 кўриниш олиб, Трампга «АҚШ ҳукуматига қарши зўравонликка алоқадорлиги учун» 2024 йилги сайлов бюллетенларида номи кўрсатилиши тақиқланди.

Бу ҳукм Колорадо штат судининг аввалги қарорини бекор қилади. Олдинги ҳукмда 14-тузатиш чиндан исёнда қатнашганларга давлат лавозимини эгаллашни тақиқлаши, аммо бу тузатишни амалдаги президентларга нисбатан ишлатиб бўлмаслиги айтилганди. Чиндан ўша вақтда Трамп мамлакат президенти ҳисобланар, 14-тузатишда эса чеклов президентларга ҳам амал қилиниши аниқ келтирилмаган. Аввалги суд ҳукмида «Трамп ўз тарафдорларини зўравонликка чорлагани», лекин у президент сифатида «АҚШ масъул мулозими» бўлмагани, бу эса уни юқоридаги тузатишга кўра дисквалификация қилиш имконини бермаслиги айтилган.

Трампнинг адвокатлари Капитолийдаги тартибсизликлар исён деб қабул қилинадиган даражада жиддий бўлмаганини айтади. Уларнинг фикрича, ўша куни Трампнинг Вашингтондаги тарафдорлари олдида қилган чиқиши унинг сўз эркинлиги тўғрисидаги қонунда мустаҳкамланган ҳуқуқларидан фойдаланишдир. Аммо Колодаро судининг аксар вакиллари бундай фикрда эмас. Уларнинг айтишича, айнан Трампнинг тарафдорлари олдида қилган чиқиши уларни тартибсизликка ундаган.

Собиқ президентнинг адвокатлари судялар унга сайловда иштрок этишни тақиқлай олмаслигини айтган. Ҳукмга қарши чиққан уч судядан бири бўлган Карлос Самур ҳам шундай фикрда. Унга кўра, ҳукумат ҳеч бир фуқарони маълум қонуний тартибсиз давлат лавозимини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилолмайди.

«Агар номзод ўтмишда даҳшатли жиноятни содир этгани ёки исёнда қатнашганини билсак ҳам, уни давлат лавозимини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун керакли ҳуқуқий жараённи амалга ошириш керак», деб ёзди судя.

Ёдда тутиш керакки, Колорадо штати суди қарори фақат штатдаги келаси йил 5 мартда ўтадиган республикачилар праймеризига алоқадор бўлиб, штатдан ташқарига тааллуқли эмас. Лекин бу Трампнинг 2024 йил 5 ноябрда ўтадиган президентлик сайлови олдидан рейтингига жиддий таъсир қилиши ҳам мумкин.

Шунингдек, штатдаги бюллетенларда Трамп номзоди кўрсатилмаслиги ҳам собиқ президент учун кичик бўлса ҳам муаммо туғдиради. Ахир Колорадода 6 миллион одам яшайди. Бошқа томондан бу штат азалдан демократларни қўллаб келгани учун Байден у ерда Трампнинг ҳолатидан қатъи назар ғолиб бўлиши ҳақиқатга яқин. Аввалги сайловда Трамп Колорадода катта фарқ билан ютқазган.

«Нодемократ қарор»

Трапмга қарши Колорадодагига ўхшаш айбловлар Ню-Ҳэмпшир, Миннесота ва Мичиганда ҳам илгари сурилган, аммо уларнинг барчаси муваффақиятсизликка учраган.

Трамп жамоаси Колорадо штати суди қарорини нодемократик деб атаб, бу бўйича АҚШ Олий судига мурожаат қилинишини маълум қилди. «Демократик партия етакчилари ижтимоий сўровларда Трампнинг устунлиги сабаб қўрқиб қолишган. Улар Байденнинг шармандали президентлигига ишонч йўқлигини билиб, америкалик сайловчилар уни ноябрда офисидан ҳайдаб солишидан хавотирга тушишмоқда», деган Трамп сайлов кампанияси вакили Стивен Чанг.

Республикачилар партияси вакиллари ҳам Колорадо суди қарорини танқид қилган. Хусусан, Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон буни бир партия манзилига қилинган ҳужум деб атади.

«Сиёсий қарашларидан қатъи назар ҳеч бир фуқарога барча ижтимоий сўровларга кўра республикачилар праймеризида етакчилик қилаётган собиқ президентни қўллаш тақиқланмаслиги керак», деган у.

Колорадо судига ҳолат бўйича мурожаат қилган, ўзини «Вашингтон этикаси учун масъул фуқаролар» деб атайдиган гуруҳ эса ҳукмни олқишлаган. «Бу нафақат тарихий ва одил қарор, балки келажакдаги мамлакатимиз демократиясини ҳимоя қилувчи қарор бўлди», деди гуруҳ етакчиси Ноа Букбиндер.

Собиқ президентга қарши фаоллар бу қарордан дисквалификация қамрови кенгайиши учун фойдаланиб, ишни АҚШ Олий судигача олиб боришмоқчи. Аммо бу ишни АҚШдаги энг юқори ҳуқуқий ташкилотгача олиб чиқиш натижа бериши қийин. Чунки мамлакат Олий судида консерваторлар 6:3 нисбат билан яққол устунликка эга. Ҳайъатдаги уч судяни Трампнинг ўзи тайинлаган.

14-тузатиш нега қабул қилинган?

Колорадо суди Трампга сайловда иштирок этишни тақиқлашига асос бўлган АҚШ конституциясига киритилган 14-тузатиш мамлакатдаги фуқаролик урушидан кейин ратификация қилинган. Ушбу тузатишнинг 3-бўлими жанубий штатлар иттифоқ таркибига қайтганидан кейин айирмачилар яна давлат лавозимини эгаллай олмаслиги учун қўлланган.

14-тузатиш амалда Конгрессда ишлаган Конфедерация президенти Жефферсон Дэвис ва унинг вице-президенти Александр Стивенсга нисбатан қўлланган. Аммо ўшандан кейин бу тузатишга деярли мурожаат қилинмаган.

Маълумот учун, собиқ президент Трампга қарши яна 4 та жиноий иш очилган. Хусусан, битта федерал иш. Жоржиядаги кўриладиган иш эса айнан сайлов натижаларини тан олмаслик билан боғлиқ.

Демократлар хурсанд эмасми?

Колорадодаги иш ташкилотчилари бўлган либераллар ва Трампга қарши республикачилар байрам қилаётган бўлса ажаб эмас. Аммо Трамп билан курашга тайёрланаётган штатдаги демократлар бу ҳолатга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Ахир бу улар кутган жанг эмас-да. Масалан, Колорадо давлат котиби Жена Грисволд аввалроқ Трампга штатдаги сайловолди дастурларда қатнашишни тақиқлашдан бош тортганди. У суд ҳукмига қуруққина муносабат билдирди. Штатдаги бошқа машҳур демократлар ҳам суд ҳукмига шундай муносабат билдиришди ёки умуман индамай қўяқолишди.

Конституцион ҳуқуқлар бўйича профессор Самюэл Иссаҳароффнинг фикрича, президентликка номзод штатларда алоҳида танланиши демократияга хос эмас. «Президентликка миллий номзод штатларда турлича бўлиши тўғри эмас. Бу демократик тартибнинг парчаланиши бўлади», деган у. Профессорнинг фикрича, АҚШ Олий суди кўп ишларда Трампнинг фойдасига қарор чиқармаган бўлса-да, бу ҳолатда уни қўллайди. Гап Олий суддаги консерваторлар устунлигида ҳам эмас. Профессорга кўра, судялардан ҳеч бири ўз номи сайловчилар танловини чеклаш билан боғланишини истамайди.

Ўз навбатида, демократлар Трамп Колорадо штат суди ҳукмидан уларга босим ўтказишда фойдаланиши мумкинлигидан хавотирда.

Трампнинг партиядошлари эса ушбу ҳолатда яна уни қўллашди. 2024 йилги сайловларда республикачилар партиясидан номзодини кўрсатмоқчи бўлаётган Флорида губернатори Рон ДеСантис Колорадо штати судининг ҳукмини мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш деб атади. Яна бир республикачи номзод Вивек Рамасвами эса Колорадодаги сайлов бюллетенларидан ўз ихтиёрига кўра номзодини олиб ташлашга тайёрлигини айтди.

Колорадо Республикачилар партияси эса штатдаги праймериз сайловларини умуман бекор қилиб, кокус жараёнига ўтиши билан таҳдид қилди. Бу жараёнда республикачилар ягона партия номзодини бир ерга тўпланиб шунчаки қўл кўтариш усули билан танлаб олади.

Республикачилар партияси ичида Трампни сайловга кўймасликни истайдиганлар кўп, аммо бундай йўл билан эмас. «Биз бунга тўғри йўл билан эришмоқчимиз. Судялар сайлов бюллетенларида ким бўлиши ёки бўлмаслигини ҳал қилиши биз истаётган нарса эмас», деган республикачилар ичидаги Трампнинг асосий рақибларидан бири бўлмиш Жанубий Каролина штати губернатори Никки Ҳейли.

Трампнинг танқидчилари у Капитолийга ҳужум учун жазосиз қолаётганини танқид қилиб келишади. Балки Колорадо суди ҳукми Трампни жазолашга уриниш бўлиши мумкин, лекин айни дамда бу ҳукм унинг зарарига эмас, фойдасига ишлаши эҳтимоли юқори...

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид