Жаҳон | 23:37 / 26.12.2023
12151
2 дақиқада ўқилади

Шойгу 2023 йилда «махсус операция»нинг асосий мақсади муваффақиятли бажарилганини эълон қилди

Бу Украина Қуролли кучлари қарши ҳужумининг барбод қилиниши эди.

Фото: РИА Новости

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг айтишича, мамлакат қўшинлари 2023 йилга мўлжалланган «махсус ҳарбий операция»нинг асосий вазифасини уддалаган — Украинанинг қарши ҳужумини тўхтатган. 

«Ортда қолаётган йилдаги асосий саъй-ҳаракатлар махсус ҳарбий операция мақсадларига эришишга қаратилди. Асосийси — Украина ва НАТО иттифоқчилари томонидан баланд овозда эълон қилинган Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужумини тўхтатиш эди. Бу вазифа муваффақиятли бажарилди», деди Шойгу. 

Вазир сўзларига кўра, 2023 йилда асосий вазифанинг бажарилишига бир қанча омиллар, жумладан «мудофаа чизиқларининг самарали тизимини яратиш, барча қисмларнинг юқори жанговар қобилияти, Россия ҳарбий техникасининг ишончлилиги ва самарадорлиги» ҳисса қўшган. 

Шойгунинг таъкидлашича, Россия қўшинлари ўз назорати остидаги ҳудудларни барча йўналишларда кенгайтирмоқда ва «доимий равишда қулайроқ позицияларни эгаллаб келмоқда». Вазир сўзларига кўра, «фронт ва унинг ортидаги умумий саъй-ҳаракатлар» жанг майдонида ташаббусни қўлга киритишга ёрдам берган. 

Украина Қуролли кучлари 2023 йил ёзида қарши ҳужумни бошлади, унга тайёргарлик бир неча ой давом этди. Июн ойининг иккинчи ярмида Украина президенти Володимир Зеленский ҳужум «кўнгилдагидан секинроқ» кетаётганини айтди. Декабр ойида Зеленский Киев «исталган натижаларга эришмаганини» тан олди - қарши ҳужум пайтида украиналик ҳарбийлар ҳудуднинг фақат кичик бир қисмини озод қилишга муваффақ бўлди, иккала томон ҳам жиддий йўқотишларга дуч келди. Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужуми ҳақида бир неча бор гапирган Россия президенти Владимир Путин декабр ойи ўрталарида украиналик ҳарбийлар «ҳеч нарса қила олмаганини» таъкидлади. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид