Ғарб стратегияни яширинча ўзгартирди ва Украинани Россия билан музокара олиб боришга ундамоқда — ОАВ
Оммавий риторикага қарамай, Вашингтон ва Брюссел Киевнинг ғалаба қозониши йўлида эмас, келажакдаги музокара позицияси устида ишламоқда.
Ғарбнинг Украинага ёрдами билан боғлиқ муаммолар фонида Жо Байден маъмурияти ва Европа расмийлари Украинани қўллаб-қувватлаш стратегиясини жимгина ўзгартириб, урғуни Россия устидан тўлиқ ғалаба қозонишга эмас, балки урушни тугатиш бўйича эҳтимолий музокараларда Киев позициясини яхшилашга қаратмоқда.
Politico нашрининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, бундай тинчлик музокаралари Украина ҳудудининг бир қисмини Россияга берилишини англатиши мумкин.
Қайд этилишича, Оқ уй ва Пентагон ҳали ҳам очиқчасига Россия армиясини Украинадан тўлиқ чиқариб юбориш зарурлигини таъкидламоқда, бироқ Киев билан ҳудудларни озод қилишга уринишлардан воз кечиб, стратегик мудофаага ўтиш зарурлигини яширинча муҳокама қилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар ҳаво мудофаасини кучайтириш ва мудофаа истеҳкомларини қуришни ҳам ўз ичига олади. Бундан ташқари, Байден маъмурияти Украинанинг ўз мудофаа саноатини тезда қайта тиклашга эътибор қаратган.
«Мудофаа позициясига ўтиш украиналикларга ресурсларни тежаш имконини бериши, ўз навбатида Россиянинг келажакдаги муваффақияти эҳтимолини камайтириши мумкин», деди АҚШ армияси ҳарбий коллежининг разведка бўйича эксперти Энтони Пфафф.
Вашингтонда истиқомат қилувчи европалик дипломатнинг айтишича, Европа Иттифоқи ҳам Украинани Москва билан «музокаралар учун энг яхши позицияга олиб чиқиш» учун Украинанинг НАТО аъзолигига қабул қилинишини тезлаштирмоқчи.
Politico стратегик вазиятни таҳлил қиларкан, «украиналикларнинг ўзи ҳам Путинга қанча вақт қаршилик кўрсатиш мумкинлиги ҳақида оммавий мунозара билан шуғулланаётганини» қайд этади.
«Украинада ҳам қўшин, ҳам қурол-яроғ етишмаётган шароитда Зеленскийнинг Москва билан янги музокаралар ўтказишдан бош тортиши мамлакатда сиёсий жиҳатдан номақбул бўлиб кўринади. Ярим миллион қўшимча кучни сафарбар қилмоқчи бўлган Украина президенти ўз қўмондони генерал Валерий Залужний ва Киев мэри Виталий Кличко томонидан кучайиб бораётган ички мухолифатга дуч келмоқда», деб ёзди нашр.
Таниқли америкалик публицист ва сиёсий шарҳловчи, The New York Times таҳририяти аъзоси Серж Шмеман ҳудудларини йўқотиш эвазига бўлса-да, Украинани зудлик билан тинчлик ўрнатишга рози бўлиши лозимлиги ҳақидаги мақоласини эълон қилди.
Унинг фикрича, Ғарб томонидан қўллаб-қувватланишнинг сусайиши шароитида Украина яқин келажакда Россия армиясини ўз ҳудудидан чиқариб юбориш истиқболига эга эмас. Урушнинг давом этиши Украинанинг ресурслари ва демографик жиҳатдан янада камайиб кетишини англатади. Урушни тугатиш эса Ғарб кўмагида кучли демократик давлат қуриш имкониятини беради.
Мавзуга оид
17:24
The Times: Киев бир неча ой ичида оддий атом бомбасини яратиши мумкин
16:56
АҚШ сайловларида республикачилар Конгрессда кўпчиликни қўлга киритди
16:08
Блинкен: АҚШ Трамп келишидан олдин Украинага ёрдамни кучайтиради
15:46