Нетаняҳу Исроил ва Ғазода тинчлик ўрнатиш шартларини айтди
Исроил бош вазири учта шартни санаб ўтди.
Фаластин жамиятини «дерадикализация қилиш», Ғазо секторини қуролсизлантириш ва Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳини йўқ қилиш Исроил ва «унинг Фаластин қўшнилари» ўртасида тинчлик ўрнатишнинг учта асосий шартидир. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу The Wall Street Journal нашрига берган интервюсида айтиб ўтди.
«Мактаблар болаларга ўлимни эмас, ҳаётни қадрлашни ўргатиши керак, имомлар эса яҳудийларни ўлдириш ҳақида ваъз қилишни тўхтатиши керак. Фаластин фуқаролик жамиятини шундай ўзгартириш керак-ки, улар терроризмни молиялаштиришдан тўхтаб, унга қарши курашни қўллаб-қувватлаши керак», деди Нетаняҳу.
У Германия ва Япония Иккинчи жаҳон урушидаги мағлубиятдан сўнг бошдан кечирган «дерадикализация» тажрибасини эслаб, бу давлатлар ҳозир Евроосиёда тинчлик ва фаровонликка ҳисса қўшаётганига ишора қилди.
Исроил тинч аҳоли қурбонларини минималлаштириш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширса-да, ҲАМАС эса, аксинча, «кўпинча қурол билан» фаластинликларга хавф туғдириш учун ҳамма нарсани қиляпти, деб қўшимча қилди Нетаняҳу. Унинг сўзларига кўра, агар тинч аҳоли ўлимида Исроил армияси айбланса, бошқа гуруҳларнинг жангарилари ҳам «инсонлардан тирик қалқон» сифатида фойдаланади.
Нетаняҳунинг фикрича, уруш ҳали тугамаган. «Ҳамма мендан фақат бир нарсани сўрамоқда: тўхтаб қолмаслик ва охиригача бориш», деди у Ғазо секторида исроиллик ҳарбийлар билан учрашувни эслаб.
Фаластин томонининг сўнгги маълумотларига кўра, 7 октябрдан бери Ғазо секторида 20 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, 53 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Исроилнинг урушдаги умумий йўқотишлари тахминан 1,3 минг кишини ташкил этган.