Жаҳон | 22:32 / 28.12.2023
14193
2 дақиқада ўқилади

Путин Хитой раҳбарига Украинадаги уруш беш йил давом этишини айтди — ОАВ 

Си Жинпинг унинг сўзларига ишонган бўлиши даргумонлиги таъкидланмоқда. 

Фото: РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин Хитой раиси Си Жинпинг билан 2023 йил март ойида учрашганида Украина билан камида беш йил уруш қилишини айтди. Бу ҳақда Япониянинг Nikkei газетаси ўз манбаларига таяниб ёзди. 

Нашрнинг ёзишича, Путин ўша пайтда юзага келган вазиятни шу тариқа сарҳисоб қилган ва Си Жинпингни Россия якунда ғалаба қозонишига ишонтиришга уринган. Nikkei тахминига кўра, Россия президенти узоқ давом этадиган уруш яхши қуролланган ҳамкори Хитой учун фойда келтиришига ишора қилган ва Си россияпараст позициясини ўзгартирмаслигидан умидвор бўлган. 

Нашрнинг таъкидлашича, Си Путиннинг сўзларига ишонган бўлиши даргумон, аммо бу сўзлар Пекинни сергак торттирган. Россиянинг Украинага бостириб кириши Пекиндаги Қишки Олимпиада ўйинлари якунланганидан атиги тўрт кун ўтиб бошланган эди ва бу Хитойда «ваҳима уйғотди». Чунки Си маъмурияти кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни кутмаган эди. Шундай қилиб, Хитой, бир йил ўтиб, Путиннинг можаро яна беш йил давом этиши ҳақидаги баёнотига «шунчаки тўлиқ ишона олмасди», деб ёзди Nikkei.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид