Ўзбекистон | 14:48 / 29.12.2023
6290
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хавфли кимёвий чиқиндиларни бошқариш бўйича миллий стратегия ишлаб чиқилади

Чиқиндиларни бошқариш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш ва тегишли стандартларга эга хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарини босқичма-босқич яратишга ўтиш учун замин яратади.

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги биносида «Хавфли кимёвий моддаларни ишончли бошқариш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича грант шартномаси имзоланди.

Уч томонлама ҳужжатни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков, Европа Иттифоқининг (ЕИ) Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ва БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари имзолади.

«Ушбу лойиҳа яшил иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлаш бўйича йирик дастурнинг бир қисми бўлиб, дастурга 10 миллион евродан ортиқ маблағ ажратилган. Лойиҳанинг қиймати ўзи эса деярли 4 миллион еврога тенг. Мақсад Экология вазирлигининг бу борадаги имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, хавфли кимёвий моддалар ва чиқиндилар соҳасида мувофиқлаштиришни яхшилашдан иборат», — деди Шарлотта Адриан.

Лойиҳа Экология вазирлиги томонидан БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан биргаликда 2023–2027 йиллар оралиғида Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилади. У тугаллангандан сўнг, хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқариш соҳасида мамлакатнинг институционал салоҳияти ошиши кутилмоқда, бу эса хавфли чиқиндилар бўйича янада яхши маълумотлар базасини шакллантириш имконини беради. Чиқиндиларни бошқариш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш ва тегишли стандартларга эга хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарини босқичма-босқич яратишга ўтиш учун замин яратади.

«Лойиҳа хавфли кимёвий чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва улардан самарали фойдаланишга қаратилган. Унинг доирасида қишлоқ хўжалигида зарарли моддалардан фойдаланишни камайтириш ва тупроқ ресурсларига камроқ зарар етказувчи моддаларга ўтиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилади. Шу билан бирга, хавфли кимёвий чиқиндиларни бошқариш бўйича миллий стратегия ишлаб чиқилади», — деди Экология вазирлиги вакили Анвар Турсуналиев.

Қўшма лойиҳани амалга ошириш натижасида зарарли кимёвий моддалар ва улар билан боғлиқ чиқиндиларни бошқариш механизмлари ва воситалари самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигида хавфли пестицидлардан фойдаланишни қисқартириш, қишлоқ хўжалигида муқобил усулларни жорий этиш ва тарғиб қилиш режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид