2023 йил 26 декабр куни тан олинмаган Абхазия парламентининг навбатдаги йиғилишида депутатлар муҳим ҳужжатни тасдиқлади. Унга кўра, Абхазиянинг Қора денгиз бўйида жойлашган Пицунда деб аталган қарийб 180 гектар ери Россияга 49 йилга ижарага берилади.
Россия олаётган жойда давлат аҳамиятига эга бўлган дала ҳовлилар, санаториялар, пансионатлар ва бошқа дам олиш масканлари жойлашган.
Абхазиядаги муҳим жойлардан бирини Россияга бериш масаласи республика парламентида уч марта ўқишда маъқулланган ва якунда 35 нафар депутатдан 26 нафари рози бўлган.
Парламент спикери Лаша Ашубанинг айтишича, парламентга бир нечта гуруҳ вакиллари таклиф этилган ва республика хавфсизлигини таъминлаш учун шартномани қабул қилишнинг бир қанча вариантлари муҳокама қилинган.
Пицундани Россияга узоқ муддатга ижарага бериш масаласи парламентда муҳокама қилинаётган пайтда абхазияликлар намойишларни бошлаб юборишди.
Улар республикадаги энг яхши ва муҳим жой жуда узоқ муддатга Россияга бериб юборилаётганига қарши чиқишмоқда. Ижтимоий тармоқларда видеолар жойланмоқда ва уларнинг остида абхазияликлар ва россияликларнинг баҳслари кузатилмоқда.

«Шунча йилдан буён Россия сизларни боқиб келди. Давлат ташкилотларида ишлайдиганларга маошлар, қарияларга пенсияларни тўлади. Энди озгина ер берилишига қарши чиқиб «раҳмат» айтяпсизларми?» – қабилида изоҳлар ёзмоқда россияликлар.
Бунга жавобан абхазияликлар «Россия ҳар доим холис дўстлигини айтиб келгани, агар бир кун келиб ўша ёрдам ҳисобига ер олишини айтганда, ёрдам пулларини олмаган бўлиши»ни айтиб жавоб беришган.
Ижтимоий тармоқлардаги баҳсларда гуржистонликлар ҳам абхазияликларга истеҳзоли гаплар ёзишмоқда. Бошқалари эса халқаро нормаларга кўра Гуржистон ҳудуди бўлган жой абхазлар томонидан Россияга бериб юборилаётганига қарши бўляпти.
Намойишлар бошлангандан сўнг парламент биноси олдига йиғилган Абхазия мухолифати вакиллари Россия билан шартнома республика конституциясига зидлигини айтиб чиқди. Овоз беришда шартномага қарши бўлган депутатлар уларга қўшилган.
Шартномага қарши бўлаётганлар у бекор қилинмагунча намойишларга чиқаверишини эълон қилишди. Шундан сўнг парламент, ҳукумат ва бошқа ҳокимият биноларини қўриқлаш кучайтирилди.
Республика бош прокурори эса намойишчиларни тартибсизликлар учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирган.


















