Иқтисодиёт | 18:27 / 29.12.2023
19252
2 дақиқада ўқилади

Сўнгги 3 йилда содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар жавобгарликка тортилади (илгари 5 йил эди)

Шунингдек, солиқ ҳисоботлари солиқ идораларида 3 йил давомида бут сақланади (илгари 5 йил эди). 

Президент томонидан имзоланган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 

Жумладан, солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик муддати ўзгартирилди. Энди фақат сўнгги 3 йилда содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарлик масаласи кўрилади (илгари 5 йил эди). Шахс ҳуқуқбузарликни содир этганидан 3 йил ўтгач,  жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. 

Шунингдек, Солиқ кодексига солиқ ҳисоботларини 3 йил бут сақлашга оид ўзгартириш киритилди (илгари 5 йил эди). 

Бундан ташқари, камерал солиқ текширувида қуйидаги солиқ назорати тадбирларини ўтказиш тақиқланди (қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш (қайтариш) мақсадида ўтказиладиган камерал солиқ текшируви мустасно):

- солиқ тўловчи ҳудудига кириш;

- солиқ тўловчи ҳудуди ва биноларини кўздан кечириш;

- солиқ тўловчидан ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва уни чақиртириш;

- солиқ тўловчининг ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш. 

Қуйидагиларга қўлланиладиган солиқ имтиёзлари 2028 йил 31 декабргача узайтирилди:

- Ўзбекистон резидентлари ва норезидентлари бўлган жисмоний шахсларнинг (акциядорларнинг) акциялар бўйича дивидендлар тарзидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади;

- Ўзбекистоннинг норезидентлари бўлган юридик шахсларнинг (акциядорларнинг) акциялари бўйича дивидендлар тарзидаги даромадларига фойда солиғи бўйича 5 фоиз миқдорида солиқ ставкаси қўлланилади;

- Ўзбекистоннинг резидентлари ва норезидентлари бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигациялари бўйича фоизлар тарзидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан ҳамда фойда солиғидан озод этилади. 

Божхона кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, тўланиши божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлмаган божхона йиғимларини божхона ҳудудида тўлаш белгиланди. 

Ушбу Қонун 2024 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид