Жамият | 11:45
564
2 дақиқада ўқилади

Солиқ олий мактабида бакалавриат ва магистратура йўналишлари очилади

Ўзбекистонда солиқ соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизими жорий этилмоқда. Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Солиқ олий мактабида бакалавриат, магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим босқичлари йўлга қўйилади.

Президентнинг “Солиқ соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (ПҚ–227-сон, 2026 йил 16 июн) қабул қилинди.

Маълум қилинишича, президентнинг 2026 йил 19 майдаги ПФ–95-сонли фармонига асосан Солиқ қўмитаси ҳузурида Солиқ олий мактаби ташкил этилган. Шунингдек, унинг таркибида Малака ошириш ва компетенцияларни ривожлантириш маркази ҳамда Солиққа оид тадқиқотлар маркази фаолият юритади.

Қарорга кўра, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб Солиқ олий мактабида ўқиш муддати камида уч йил бўлган бакалавриат таълим йўналишларига талабалар қабул қилинади. 2027-2028 ўқув йилидан эса магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим босқичлари жорий этилади.

Олий мактабда солиқлар ва солиққа тортиш, рақамли солиқ маъмурчилиги, солиқ ҳуқуқи ҳамда молиявий назорат каби йўналишларда мутахассислар тайёрланади.

Битирувчилар давлат намунасидаги диплом билан бир қаторда солиқ маслаҳатчиси ва аудитор малака сертификатларини олиш учун зарур ўқув курсларини тамомлаганлиги ҳақида ҳужжат ҳам олади.

Шунингдек, бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги халқаро ташкилотларнинг ACCA, DipIFR, CAP/CIPA, CIA ва ACA каби сертификатларини қўлга киритган талабаларнинг мазкур сертификатларни олиш бўйича ўқиш харажатлари Солиқ олий мактаби томонидан қоплаб берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид