00:41 / 30.12.2023
13257

Россия ракетаси уч дақиқа давомида Полша ҳаво ҳудудига киргани айтилди

Полша ҳарбийлари кечаги тун «ҳаво мудофаа тизимининг барча элементлари учун таранг» бўлганини айтди.

Фото: PAP

29 декабр куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 7:00 да Россия ракетаси Полша ҳаво ҳудудига кирди. Бу ҳақда Полша Қуролли кучлари қўмондони Мацей Клиш хабар берди.

Қайд қилинишича, ракета Полша ҳудудига 40 км ичкарига кириб борган ва 3 дақиқа ўтгач, ортга, Украина ҳудудига қайтган. Қўмондон сўзларига кўра, ракетанинг Полша ҳудуди узра парвози радар тизимлари томонидан кузатилган.

«У амалга оширган манёврлар ва унинг Полша ҳаво ҳудудини тарк этиши туфайли мен, оператив қўмондон сифатида ушбу объект бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилмадим», деди генерал.

Полша оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, бу катта эҳтимол билан Россиянинг Х-22 ёки Х-101 қанотли ракетаси эди. У Украина ҳаво ҳудудига қайтган ва мамлакат ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган.

Можаро Россиянинг Украина ҳудуди бўйлаб оммавий ракета зарбалари фонида юз берган.

Top