Жаҳон | 08:56 / 31.12.2023
23126
3 дақиқада ўқилади

Украина махсус хизматлари Белгороддаги портлашларни «Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари иши натижаси» деб атади

Аввалроқ Москва ҳам украин шаҳарларига ҳужумлар оқибатида қурбонлар бўлишини шундай изоҳлаганди.

Фото: Reuters

Украина махсус хизматларидаги манбалар Россиянинг Белгород шаҳри ўққа тутилишидан кейин Украина қуролли кучлари Белгород областидаги ҳарбий объектларга ҳужум уюштиргани, шаҳардаги турар жой кварталлари эса гўёки Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг нопрофессионал ҳаракатлари оқибатида зарбага учраганини билдирган. Шу маънодаги изоҳлар «Украинская правда», «РБК-Украина» ва «Суспилне» нашрларида берилган.

«Украина мудофаа кучлари айнан ҳарбий объект саналадиган нишонларга қарши қатор тадбирларни амалга оширмоқда. Биз Белгородда кузатган фуқаролик инфратузилмалари зарбага учраши Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг нопрофессионал ҳаракатлари оқибати, шунингдек ўйланган ва режалаштирилган провокация ҳисобланади», — деган «Украинская правда» суҳбатдоши.

Нашр суҳбатдоши ҳужумнинг ўзини Россия армиясининг шу кунларда Украина шаҳарлари бўйлаб амалга оширилган ёпирилма зарбаларига жавоб деб атаган.

«Булар Днипро, Харкив, Одесса ваҳшийларча ўққа тутилиши ва тинч аҳоли вакиллари ўлдирилиши оқибатлари бўлган умумий чора-тадбирлардир. Бу тадбирлар давом эттирилади», — деган «РБК-Украина» манбаси.

РФ Мудофаа вазирлиги ҳам Белгороддаги портлаш Россия ҲҲМ тизими иши эканини расман тан олган.

Мудофаа вазирлиги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими «Олха» ракетасини тутиб олгани ва унинг бир нечта реактив снарядлари ва кассета қисми Белгород шаҳрига қулаганини билдирган.

  • Белгород ўққа тутилиши оқибатида, ФВВнинг сўнгги расмий маълумотларига кўра, 22 киши ҳалок бўлган, яна 100 дан ошиқ киши яраланган. Гувоҳлар бу уруш бошидан буён амалга оширилган энг кучли ўққа тутиш бўлганини айтишган.
  • Россия ҳукумати ҳам уруш бошланганидан буён фақат ҳарбий объектларга зарба беришини айтиб келади. 29 декабр куни Украина шаҳарлари ўққа тутилганидан кейин ҳам БМТ Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишида Россия вакили Василий Небензя «агар украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишламаганида, тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар бўлмасди» деб айтганди.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид