Барчаси биринчи жаҳон уруши авж палласига чиққан 1916 йилга бориб тақалади. Ўшанда Россия билан иттифоқчи бўлган Руминия Антанта томонида туриб, Германия ва Австрия-Венгрия империяларига қарши урушаётганди.

Австрия-Венгрия ва Руминия жуда катта ҳудудда чегарадош бўлган. Шу сабабли руминлар анча кучли Германия ва Австрия-Венгрия армиялари ҳамласи остида қолишади.

1916 йил декабр ойи бошида душман армияси пойтахт Бухарестга яқинлашиб қолади. Шунда қирол оиласи ва мамлакат парламенти мамлакат шимолий шарқида, Россия империясига яқин бўлган Ясси шаҳрига кўчишга қарор қилади.

Душман яқинлашар экан, мамлакатнинг олтин ва бошқа бойликлар захираси ҳам хавф остида қолади. Шунда Руминия қироллиги 90 тоннадан ошиқ (баъзи манбааларда 150 тонна ҳам дейилган) олтин ва бошқа бойликларини вақтинча сақлаш учун яқин иттифоқчиси Россияга топширади.

Олтинлар 40 та вагонга юкланиб Москвага юборилади. (Ўша пайтда Болтиқ денгизи ёқасида жойлашган Санкт-Петербургда бойликларни сақлаш хавфли бўлгани учун, Россиянинг олтинлари ҳам 1915 йилда Москвага юборилган эди) Ҳозирги кунда бу бойликнинг қиймати 5 млрд долларга баҳоланмоқда (руминлар кўпроқ ҳисоблашмоқда).

Кўп ўтмай Россияда октябр тўнтариши амалга оширилади. Ҳокимият тепасига болшевиклар келади. Орадан бироз ўтиб, 1918 йилда руминлар авваллари Чор Россияси таркибида бўлган Бессарабияни босиб олишади.

Бунга жавобан 1918 йил 13 январ куни РСФСР халқ комиссарлари совети Руминия билан дипломатик муносабатларни узиш, унинг Москвадаги олтин ва заргарлик буюмларини Россияда сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилади.

1935 йилда советлар Франция билан дўстона муносабатлар ўрнатади. Ўша пайтда Руминия ҳам Франция билан иттифоқдош эди. Шунда СССР Руминия билан дипломатик алоқаларни тиклайди ва Бухарестга 12 тонна олтинни қайтариб беради.

Буни Руминиянинг собиқ бош вазири Менеа Менеску (у 1974-1979 йилларда бош вазир бўлган) ҳам тасдиқлаган. Унинг айтишича, СССР 1934 ва 1936 йилларда Руминияга атиги 12 тонна олтинни қайтарган.

Рууминия қироллигининг олтин тангалари

Иккинчи жаҳон уруши бошлангач СССР ва Руминия алоқалари яна ёмонлашади. Шундан сўнг советлар олтиннинг қолган қисмини беришмайди.