Жаҳон | 12:27 / 13.03.2026
1343
2 дақиқада ўқилади

Украина ва Руминия ҳарбий дронларни биргаликда ишлаб чиқаради

Володимир Зеленский ва Руминия президенти Никушор Дан ҳарбий учувчисиз учиш аппаратларини биргаликда ишлаб чиқариш тўғрисидаги келишувни имзолади. Икки мамлакат, шунингдек, энергетика соҳасида ҳам ҳамкорлик қилади. Киев румин озчилигини ҳимоя қилишни кучайтиради.

Фото: AP

Украина президенти Володимир Зеленский ва унинг румин ҳамкасби Никушор Дан 12 март, пайшанба куни Бухарестда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликка доир бир нечта келишувни имзолади. Улар орасида украин тажрибасидан фойдаланган ҳолда ва Европа Иттифоқининг SAFE мудофаа жамғармаси кўмагида Руминияда ҳужумкор дронларни қўшма ишлаб чиқариш тўғрисидаги битим ҳам бор, деб хабар бермоқда dpa агентлиги.

Энергетикага оид яна бир келишув, хусусан, Руминия ва Украинанинг Черновци вилояти ўртасида икки янги электр узатиш линияси ишга туширилишини назарда тутади. Бундан ташқари, президентлар Қора денгизда нефт ва газ қазиб олиш соҳасидаги эҳтимолий ҳамкорликни ҳам муҳокама қилди.

Володимир Зеленский Украинадаги румин озчилигини ҳимоя қилишни кучайтиришга ваъда берди. Илгари Украинадаги этник руминларнинг аҳволи икки мамлакат ўртасида тортишувларга сабаб бўлган эди. Бироқ Киев ва Бухарест ўртасидаги аввалги “тарихий ишончсизлик” Россия Федерациясининг тажовузкор уруши бошланганидан сўнг барҳам топди, деди Никушор Дан.

Украина президенти Руминияга ташрифини мамлакат жануби-шарқидаги Фетешти шаҳри яқинида жойлашган авиабазага бориш билан якунлашни режалаштирмоқда. У ерда украин ҳарбийлари F-16 қирувчи самолётларини бошқариш бўйича тайёргарликдан ўтмоқда.

Декабр ойида маълум бўлишича, украиналик дрон ишлаб чиқарувчи Frontline Robotics ва Германиянинг Quantum Systems мудофаа компанияси Украина мудофаа вазирлиги буюртмаси асосида Германияда жанговар дронлар ишлаб чиқаришни бошлайди. Жойлашуви махфий сақланаётган ушбу завод 13 феврал куни Зеленский ва Германия мудофаа вазири Борис Писториус иштирокида қўшма равишда очилган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид