13:26 / 01.01.2024
6448

2024 йилда Самарқандда халқаро иқлим форуми ўтказилиши мумкин

Япониянинг етакчи Japan News газетасида «БМТ Бош ассамблеяси Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Марказий Осиёнинг экологик таҳдидлари тўғрисидаги резолюцияни бир овоздан қабул қилди» сарлавҳали мақола инглиз тилида босилди.

Фото: Silk Road Samarkand

«Дунё» хабарига кўра, япон босма нашрида шу йил 19 декабр куни БМТ Бош ассамблеяси «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш» резолюциясини бир овоздан қабул қилгани таъкидланган.

Резолюция матнини ишлаб чиқиш ва келишиш бўйича ҳукуматлараро музокаралар жараёни БМТнинг Ню-Йоркдаги қароргоҳида жорий йилнинг октябр-ноябр ойларида бўлиб ўтди. Маслаҳатлашувларда дунёнинг барча қитъаларидан, жумладан АҚШ, Россия, Хитой, Франция, Буюк Британия, Германия, Канада, Австралия, Саудия Арабистони, Миср, Аргентина, Бразилия, Мексика ва бошқа давлатларнинг экспертлари фаол иштирок этишди. Юздан ортиқ давлат вакиллар, шунингдек, матнни ўзига хос мазмун билан тўлдириш ва умумий консенсусга эришиш учун кўплаб таклифларни киритди.

«Ҳужжат матнида Ўзбекистон президентининг қатор ташаббуслари, жумладан, «Марказий Осиё учун «яшил» кун тартиби» ва унинг минтақада барқарор ривожланишга кўмаклашишдаги роли алоҳида қайд этилган, - деб ёзган газета. - Резолюцияда БМТга аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг Халқаро иқлим форумини 2024 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш ташаббусини ҳам олқишлади».

Ҳужжатда Орол денгизининг қуриши оқибатларини юмшатиш борасидаги саъй-ҳаракатларга эътибор қаратилиб, Ўзбекистон президенти ташаббуси билан ташкил этилган БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси фаолиятини кучайтириш зарурияти алоҳида таъкидланган. Шу боис, халқаро ҳамжамиятга ушбу жамғармани фаол қўллаб-қувватлашни давом эттириш тўғрисида мурожаат йўлланган.

Top