Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европанинг учта йирик давлати миграция қонунларини кучайтиряпти. 2024 йилда нималар ўзгаради?
Европарламентга сайловлар олдидан Германия, Франция ва Италия миграция қонунчилигини қатъийлаштирмоқда. Сайловолди кампанияда миграция ва бошпана тақдим этиш тизимини ислоҳ қилиш асосий мавзу бўлади.
2024 йил июн ойида Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатда Европа парламентига сайловлар ўтказилади. Ижтимоий сўровларга кўра, Европа Иттифоқида муҳожирлар ва қочқинлар сонининг ортиб бораётгани ҳамда уларга бошпана берилиши сайловолди кампанияси асосий мавзуси ҳисобланади. Муҳожирлар асосий мақсади бўлган Европанинг учта йирик давлати - Германия, Франция ва Италия - 2023 йилда миграция оқимини камайтириш ва бошпана олиш ҳуқуқидан маҳрум этилган муҳожирларни депортация қилиш жараёнини тезлаштириш учун миллий миграция қонунларини кучайтиргани ажабланарли эмас.
Миграция масаласида Европа Иттифоқининг учта йирик иқтисодиёти сиёсий жиҳатдан бир хил йўналишда ҳаракат қилмоқда. Аммо миллий миқёсда бу мамлакатларда мигрантлар учун шароитлар ва уларга бошпана тақдим этиш жараёни бир-биридан кескин фарқ қилади. Германияда социал-демократлар, «яшиллар» ва либералларнинг ҳукумат коалицияси ҳокимият тепасида. Францияда - либерал озчилик ҳукумати, Италияда - ўта ўнг ва христиан демократларнинг ўнг қанот популистик коалицияси.
Германияда миграция қонунчилиги
Миграция ва қочқинлар ишлари бўйича федерал идора (BAMF) 2023 йилда Европа Иттифоқидаги бир миллиондан ортиқ бошпана изловчининг 350 минг нафари Германияда қочқин мақомини олиш учун ариза топширишини тахмин қилганди. Асосан Сурия, Афғонистон ва Туркиядан келган бошпана изловчилардан ташқари, урушдан қочган бир миллиондан ортиқ украиналик ҳам мамлакатга кириб келди. Ҳукмрон коалиция муҳожирлар ва қочқинлар билан боғлиқ вазиятга бир қатор қонунлар қабул қилиш орқали жавоб берди.
Улардан бири - мамлакатда беш йилдан ортиқ яшаб келаётган муҳожирлар учун шароитларни осонлаштирадиган қонун. Энди улар Германияда қонуний ишлаш ва интеграция имкониятига эга. Қабул қилинган яна бир қонун, аксинча, ноқонуний мигрантларнинг ўз ватанига қайтишини тартибга солади (Rückführungsverbesserungsgesetz) ва Германияда бошпана тақдим этиш бўйича рад жавоби берилганларни ўз мамлакатига ёки учинчи давлатга депортация қилиш жараёнини тезлаштиришга имкон яратади. Ушбу қонунга кўра, эндиликда уларнинг уйида тинтув ўтказилиши мумкин, депортация тўғрисидаги хабарномадан то ҳақиқий депортацияга қадар бўлган муддат қисқартирилади. Аммо депортация қилиниши керак бўлган шахсни ушлаб туришнинг рухсат этилган муддати узайтириляпти. Бироқ ҳозирда бу янгиликларни амалиётга татбиқ этиш қийин. Германиядан депортация қилиниши керак бўлган 50 минг кишидан, Германия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2023 йилнинг биринчи ярмида фақат 7900 киши чиқариб юборилган.
Яна бир қонун лойиҳаси Германияда фуқароликни олиш учун ҳуқуқларни осонлаштиришни назарда тутади. У қабул қилинган тақдирда, Германияда икки фуқароликка эга бўлишга рухсат берилади. Фуқароликни олиш учун кутиш муддати эса саккиз йилдан беш йилгача қисқартирилади. Агар Германия фуқаролигига даъвогар антисемитизм ёки ирқчилик нуқтайи назарига эга бўлса, бу фуқароликни рад этиш учун сабаб бўлиши мумкин.
Франция миграция қонунларини кучайтирмоқда
Франция Миллий ассамблеяси ўнг қанот популист «Миллий бирлашув» партиясининг овозлари туфайли дам олиш кунларидан сал олдин мунозарали миграция қонунини қабул қилди. Партия раиси Марин Ле Пен «Биринчи навбатда Франция» шиори остида олиб борилган сиёсий йўлининг мафкуравий ғалабаси тўғрисида эълон қилди. Либерал президент Эммануэл Макроннинг парламентда қўллаб-қувватланиши ўнг қанот популистларининг овозларига эмас, балки миграция қоидалари кучайтирилишига овоз берган консерватив республикачиларга боғлиқ эди.
Макрон энди қонунни Конституциявий кенгашга кўриб чиқиш учун тақдим қилмоқчи. Янги ҳужжат ноқонуний мигрантларни тезроқ депортация қилишни назарда тутади, уларнинг ижтимоий нафақалардан фойдаланишини мураккаблаштиради ва улар оила аъзоларининг мамлакатга киришини чеклайди. Францияда ўқишни хоҳловчи чет эллик талабалар энди, қонунга кўра, ўқишга келишдан олдин гаров пули тўлаши шарт бўлади. Ижтимоий сўров натижаларига кўра, французларнинг 70 фоизи миграция қонунларини кучайтиришни қўллаб-қувватлаган.
Италия ноқонуний муҳожирлар оқимига қарши
Жоржа Мелони бошчилигидаги ўнг қанот популистик коалиция 2022 йилги сайловларда Италияга келаётган муҳожирлар сонини камайтириш ваъдалари эвазига ғалаба қозонганди, энди у натижа кўрсатмоқчи. Шу тариқа, Европа Иттифоқи ва Тунис ҳукумати билан ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш имконияти бўйича келишувга эришилди, аммо у амалга ошмади. Италия бош вазири, шунингдек, Албания билан 3000 кишига мўлжалланган иккита қочоқлар маркази Италиядан Албания ҳудудига кўчирилиши ҳақидаги келишувни имзолади. Албания бошпана изловчилар учун хавфсиз учинчи давлат сифатида тан олинган ва Европа Иттифоқига кириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Ҳозир Албания Олий суди Италия билан келишув қанчалик қонуний эканлигини текширмоқда. Бундан ташқари, Мелони армияга мамлакатнинг аҳоли зич жойлашмаган ҳудудларида депортация қилинганлар учун лагерлар қуришни буюрди. Депортация қилиниши керак бўлган муҳожирлар у ерда 12 ой эмас, балки 18 ой қолиши мумкин, бу вақт ичида бўлимлар уларни чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилади.
Қочқинлар билан шуғулланувчи Европа ташкилотларининг бош бирлашмаси - ECRE ўз ҳисоботида бошпана бериш жараёнини янада қийин ва узоқроқ қилаётгани учун Италия ҳукуматини танқид остига олди. Бошпана изловчилар зарур маъмурий тартиб-қоидаларни бир неча ой кутиши керак бўляпти.
Кўплаб муҳожирлар Италияда қолмайди ва бошпана сўраш учун шимолга - Германия ва Австрияга йўл олади. Аммо, Дублин келишувларига кўра, Италия уларни ЕИга келган вақтидаги биринчи давлат сифатида қабул қилиши лозим. Мамлакат расмийлари Германия Италияга қайтариб юбораётган муҳожирларни қабул қилишдан бош тортмоқда.
Греция, Венгрия, Австрия, Нидерландияда қочқинлар билан боғлиқ вазият
Грецияда ноқонуний муҳожирлар чегаранинг ўзида Туркия ҳудудига қайтарилиши ёки Греция қирғоқларига кетаётган муҳожирлар бўлган қайиқлар қўшни давлат сувларига қайтишга мажбур бўлиши - «пушбэк»лар аксарият ҳолатда истисно эмас, балки оддий қоидага айланиб боряпти, деб ёзади ECRE ташкилоти ўз ҳисоботида.
Бошпана олиш қийинлашган, муҳожирлар аризаларини кўриб чиқишда давлатдан ҳеч қандай тўлов олмаяпти. Баъзи маъмурий тартиб-қоидалар учун Грецияда бошпана изловчилар юз евродан тўлаши керак, дейилади ҳисоботда.
Аммо Европа Иттифоқининг барча давлатлари орасида Венгрия, айниқса, муҳожирлар масаласида алоҳида ажралиб турибди. 2016 йилдан бери Венгрия чегараларида фавқулодда ҳолат жорий қилинган. Муҳожирларнинг мамлакатга кириши деярли имконсиз. Бошпана олиш учун ариза бериш фақат Белград ёки Киевдаги Венгрия элчихонаси ҳудудида амалга оширилиши мумкин. ECRE ўз ҳисоботида ҳозирда панжара билан ўралган Венгрия чегарасида 150 минг киши Сербияга чиқариб юборилганини тахмин қилмоқда. Люксембургдаги Европа суди ҳам, Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) ҳам Венгриянинг бундай ҳаракатларини ноқонуний деб топди. Бироқ Будапешт уларнинг қарорига эътибор бермаяпти.
Нидерландияда миграция қонунчилигининг кучайтирилиши туфайли ўнг қанот либерал ҳукумат «қулади». Бош вазир Марк Рютте бошпана бўйича сўрови рад этилган мигрантларнинг оила аъзолари киришига чеклов қўя олмагани учун истеъфога чиқди.
Австрияда Ички ишлар вазирлиги бошпана изловчиларга аризаси кўриб чиқилаётган пайтда иш топиш ва меҳнат қилиш мажбуриятини юклади. Агар бошпана изловчилар жамоатчилик ишларидан бош тортса, уларга ётоқхонада жойлашиш ва минимал миқдорда нафақа олиш рад этилади.
Европа Иттифоқини қандай янгиликлар кутмоқда?
24 апрелга қадар 27 аъзо-давлат манфаатларини ифодаловчи Европарламент ва ЕИ кенгаши миграция пактини қабул қилиши керак. У Европа Иттифоқида бошпана тақдим этиш тизимини кенг ислоҳ қилишни назарда тутади. Унга кўра, қочқин мақомини олиш имконияти кам бўлган 30 минг киши учун тўғридан тўғри Европа Иттифоқи чегараларида бошпана сўровларини тезлаштирилган тарзда топшириш, шунингдек, чегарадаги қочқинлар лагерларидан депортация қилишнинг тезлаштирилган тартиби назарда тутилган. Пактда биринчи марта миграция масалалари бўйича барча Европа Иттифоқи давлатларининг мажбурий бирдамлиги ҳақида ҳам сўз боради.
Шу тариқа, мигрантлар Европа Иттифоқига кирган биринчи мамлакатларда - Италия, Греция, Испания, Кипр, Малтада - бошпана изловчилар сони ҳаддан ташқари кўп бўлса, бошқа Европа Иттифоқи мамлакатлари бошпана изловчиларни квота тизими бўйича қабул қилиши керак бўлади. Аммо миграция пактидаги барча саккизта қонун тўлиқ амалга оширилиши учун 2026 йилгача вақт талаб этилади. Шунга қарамай, миграция пакти ЕИда сайловолди кампаниянинг асосий мавзусига айланади.
Мавзуга оид
10:40 / 18.06.2026
ЕИ ва Кремл ўртасида норасмий алоқалар бўлгани хабар қилинди
09:45 / 18.06.2026
Европа Иттифоқи ноқонуний мигрантларга қарши чораларни кучайтирмоқда
11:05 / 16.06.2026
Каллас: ғарб санкциялари Россияга 1,3 трлн еврога тушди
22:29 / 13.06.2026