Исроил ОС суд ислоҳоти пакетининг асосий қонунини бекор қилди
Олий судга кўра, унинг ҳукумат қарорларини бекор қилиш ваколатини чекловчи қонун демократик давлат сифатида Исроилга зарар етказади.
Исроил олий суди 1 январ, душанба куни бош вазир Бенямин Нетаняҳу ҳукумати томонидан илгари сурилган мунозарали суд-ҳуқуқ ислоҳотлари пакетидаги асосий қонунни бекор қилди. 15 нафар судядан 8 нафари бекор қилиш учун овоз берди, қолган 7 нафари қарши чиқди. Гап олий суднинг ҳукумат, бош вазир ёки алоҳида вазирлар томонидан қабул қилинган «асоссиз» қарорларини бекор қилиш ваколатини чекловчи қонун ҳақида бормоқда. Исроил парламенти (Кнессет) уни 2023 йил июл ойида мамлакатдаги оммавий норозилик намойишлари фонида қабул қилган.
Уни бекор қилиш тўғрисидаги қарор Исроил олий суди томонидан ушбу қонун «Исроилнинг демократик давлат сифатидаги асосий хусусиятларига жиддий ва мисли кўрилмаган зарар етказиши» билан изоҳланди. «Исроилнинг бутун тарихида бирорта ҳам шунга ўхшаш қонун олий суд томонидан бекор қилинмаган. Агар бош вазир Бенямин Нетаняҳунинг ўнг қанот диний ҳукумати бу қарорга рози бўлмаса, мамлакатда миллий инқироз таҳдиди пайдо бўлади», - дейилади dpa агентлиги хабарида.
Исроилда мунозарали суд ислоҳоти
Исроилда суд-ҳуқуқ ислоҳоти олий суд аъзоларини танлашда вазирлар маҳкамаси ваколатларини кенгайтириши ва ушбу суд органининг ваколатларини чеклаши керак. У амалга оширилса, ҳукумат судяларни тайинлаш устидан тўлиқ назоратга эга бўларди.
Ислоҳот мухолифати ва танқидчиларига кўра, бу мустақил суд тизимининг йўқолишига олиб келади ва демократия асосларига путур етказади. Ўз навбатида, ўзгаришлар тарафдорлари, улар судялар Кнессет аъзоларининг демократик йўл билан сайланган кўпчилиги томонидан қабул қилинган қонунларни бекор қилиш имкониятига эга бўлган вазиятни ўзгартиришга ёрдам беради, деб ҳисоблайди.
2023 йил давомида бутун мамлакат бўйлаб минглаб одамлар Нетаняҳунинг суд ислоҳотига қарши намойишга чиқди. Айрим кузатувчилар фикрича, Исроил жамияти ва сиёсатчиларининг бу борадаги бўлиниши 2023 йил 7 октябрда Исроилга ҲАМАС томонидан уюштирилган ҳужум мамлакат расмийлари учун кутилмаган бўлиб чиққанининг сабабларидан биридир.