Норвегия Украинага тўғридан тўғри қурол сотишга рухсат берди
Норвегияда уришаётган давлатга қурол сотиш тақиқланган. Бироқ, Осло ҳукумати Украина учун истисно қилди.
Норвегия ҳукумати Норвегияда ишлаб чиқарилган қурол ва мудофаа маҳсулотларини Украинага тўғридан тўғри сотишга рухсат беришга қарор қилди. Ҳукумат сайтида шу куни чоп этилган пресс-релизга кўра, ушбу ўзгартириш 1 январ, душанба кунидан кучга кирди.
Хабарда қайд этилишича, 1959 йилдаги Стортинг (Норвегия парламенти) қарорига кўра, уруш кетаётган ёки уруш хавфи мавжуд бўлган ҳудудларга қурол ва ўқ-дорилар сотиш тақиқланган. Шу тариқа, Осло ҳукумати ушбу тақиқдан истисно қилди.
Экспорт лицензиялари - индивидуал асосда
Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги қурол ва мудофаа маҳсулотларини тўғридан тўғри сотиш фақат Украина расмийларига амалга оширилиши мумкинлигини ва Ташқи ишлар вазирлиги компанияларга фақат индивидуал асосда тегишли экспорт лицензияларини беришини таъкидлади.
Ослодаги ҳукумат Россия ҳужуми Украинага давлат ва миллат сифатида таҳдид солаётганига ишора қилди. «Россия уруши натижасида юзага келган фавқулодда хавфсизлик вазиятида Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришимиз шарт. Украинага ёрдам Норвегия ва Европа хавфсизлиги учун муҳим. Ноқонуний уруш узоқ вақт давом этиши эҳтимолини ҳисобга олишимиз керак», деди Норвегия ташқи ишлар вазири Эспен Барт Эйде.
2023 йилда Осло Киевга 11 миллиард Норвегия кронаси (тахминан 980 миллион евро) миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатди.