Украина ўққа тутилиши оқибатлари ва Марйинка атрофида қолаётган артиллериячилар. Уруш суратлари
Украинадаги урушнинг 678-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Россия Украина бўйлаб ёпирилма зарба йўллади. Киев ва Харкивда турар жойлар шикастланган.
- Ҳужум оқибатида, Украина ҳукумати маълумотига кўра, беш киши ҳалок бўлиб, 130 киши яраланган.
- Украина ҚК мамлакат ҳудудлари бўйлаб учирилган 35 дроннинг барчаси ва 99 ракетадан 72 таси уриб туширилганини маълум қилган.
- Россиянинг Белгород шаҳри эса кун давомида уч марта ракета зарбасига учради. Бир киши ҳалок бўлиб, етти киши яраланган.
- Россиянинг Воронеж областидаги россияликлар ракетаси қулаган ва камида еттита уй шикастланган. РФ мудофаа вазирлиги Россия самолётидан ўқ-дори «авариявий тушиб кетиши» ҳолати рўй берганини маълум қилган.
- «Новая газета Европа» Петербургда полиция урушга «кўнгиллилар» йиғиш учун минглаб мигрантларни қўлга олгани ҳақида хабар берди.
Киев ва Харкив 2 январ куни ўққа тутилиши оқибатлари
2 январга ўтар кечаси Россия Киев шаҳри, Киев области ва Харкив бўйлаб ракеталар ҳамда дронлар билан ёпирилма зарбалар йўллади. Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужнийнинг баёнотига кўра, жами 99 та ракета йўлланган: ҳаводан учирилувчи Х-101/Х-555/Х-55 русумли қанотли ракеталардан камида 70 та, Х-47М2 «Кинжал» русумли аэробаллистик ракеталардан ўнта, «Калибр» ракеталари, баллистик ракеталар, шунингдек Х-31П русумли радиолокацияга қарши ракеталар. Ракеталардан ташқари, 35 дона Shahed дронлари билан зарба берилган.
Залужнийнинг сўзларига кўра, украин ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари учирилган 99 ракетадан 72 тасини ва барча учувчисиз учиш қурилмаларини уриб туширган. Ҳаводаги нишонлар парчалари Киевнинг Деснянск, Печерск, Оболон ва бошқа районларига қулаган. Ҳужум оқибатида, Украина расмийларига кўра, беш киши ҳалок бўлиб, 130 киши яраланган. Ҳаво зарбалари алмашинуви 29 декабрдан жадаллашди, ўшанда Россия Украина ҳудуди бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллаган, натижада камида 30 киши ҳалок бўлиб, 160 киши жароҳатланганди. Кейинги куни эса Украина ҚК Белгород бўйлаб зарба йўллади, бунинг оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлди. Икки томондан ҳаво зарбалари йўлланиши кейинги кунларда ҳам давом эттирилди.
Марйинка ҳудудидаги украин артиллериячилари
Марйинка — Донецк областининг Покровск районида жойлашган, Донецк агломерацияси таркибида бўлган ва ҳозирга келиб буткул вайронага айланган шаҳардир. Россия босқини бошланганида у Украина қуролли кучлари учун Донбассдаги муҳим истеҳкомлардан саналарди. 2022 йил 24 февралидан буён РФ қуролли кучларининг мазкур ҳудуддаги сезиларли илгарилаши 2023 йил ноябрига келиб кузатилди ва кейин 2023 йил февралига келиб руслар ушбу шаҳар марказига кириб келди. Аммо кўп ойлик оғир жанглардан кейин ҳам россиялик ҳарбийлар шаҳарнинг маъмурий чегараларига чиқа олишмаган.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024