Жаҳон | 09:16 / 04.01.2024
3236
1 дақиқада ўқилади

Латвияда россиялик жосусликда гумонланиб қўлга олинди

Латвия Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, эркак «Латвиядаги муҳим инфратузилма ва ҳарбий объектлар ҳақида маълумот тўплаган ва Россия разведкаси ва хавфсизлик хизматларига узатган».

Фото: Виктор Лисицын / Global Look Press

Латвия Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Россия махсус хизматларига жосуслик қилганликда гумонланган Россия фуқаросини мамлакатда қўлга олди. Бу ҳақда Латвия Давлат хавфсизлик хизмати 3 январ, чоршанба куни ўз сайтида хабар бериб, ушлаш 2023 йил 20 декабрда амалга оширилганини маълум қилди. 

Қайд этилишича, россияликка нисбатан жиноий иш 18 декабр куни очилган. 

Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, эркак «Россия разведкаси ва хавфсизлик хизматларига Латвиядаги муҳим инфратузилма ва ҳарбий объектлар тўғрисида маълумот тўплаган ва узатган», шунингдек, «Россия разведка ва хавфсизлик хизматларига Латвия давлатига қарши қаратилган фаолиятни қўллаб-қувватлашда бошқа турдаги ёрдам кўрсатган».

Қайд этилишича, қўлга олинган шахсдан кўп миқдорда маълумот сақлаш воситалари ва ҳужжатлар олиб қўйилган. Гумонланувчининг исми ошкор этилмаган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид