Ўзбекистон | 17:06 / 04.01.2024
14967
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш тарифлари ўзгарди  

Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун янги тўлов тарифи тасдиқланди. Янги тарифга кўра, эндиликда пойтахт аҳолиси чиқинди учун киши бошига бир ойда 7500 сўмдан тўлайди.

“Махсустранс ишлаб чиқариш бошқармаси” ДУК томонидан Тошкент шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун янги тариф нархлари белгиланди. Янги нархлар пойтахт ҳокимининг 2024 йил 4 январдаги тегишли қарори билан тасдиқланган.

Қарорда келтирилишича, эндиликда Тошкент шаҳрида киши бошига бир ойда 7500 сўм “чиқинди пули” ундирилади. Бюджет, юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорларга 1 метр куб чиқинди учун тўлов миқдори 89 977 сўмни ташкил қилади. 1 тонна суюқ ва қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун бюджет, юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорлардан 188 808 сўм ундирилади.

Ҳозирги кунгача амал қилган тарифда аҳоли учун киши бошига бир ойда 4500 сўм, бюджет ташкилотлари ва корхоналарга 53 986 сўм, суюқ ва қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун бюджет ҳамда хўжалик корхоналарига 20 174 сўм нарх белгиланганди.

Мавзуга оид