Жаҳон | 14:23 / 06.01.2024
11706
2 дақиқада ўқилади

Украина Шимолий Корея ракеталаридан ўққа тутилганини тасдиқлай олмаяпти

Мутахассислар портлаган ракета парчаларини текширмоқда ва бу ўқ-дорилар ишлаб чиқарувчисини аниқлаш учун уларнинг хулосаларини кутиш керак, деди УҚК Ҳаво кучлари вакили Юрий Игнат.

Фото: Picture Alliance

Украина ҳозирча Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ракеталар ўз ҳудудига учирилганини тасдиқлай олмайди, деди УҚК Ҳаво кучлари вакили Юрий Игнат 5 январ, жума куни миллий телемарафонда. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда «айрим мутахассислар» ракета парчаларини ўрганмоқда ва уларнинг хулосаларини кутиш керак. «Шундан кейин бундай факт бор ёки йўқлигини айтиш мумкин бўлади. Биз нима ишлатилгани – С-400 ёки «Искандер» ҳақидаги маълумотни бир неча кун кутишимиз керак», — дея Игнат сўзларини келтирди «Українські Новини» нашри.

«Мутлақо янгича нарсаларни кутиш керак эмас» 

УҚК ҲК спикери Украинага сўнгги ҳужумлар баллистик ракеталар билан амалга оширилганини тан олди, аммо «қайси баллистика, кимнинг ракетаси - буни аниқлаш керак», деди. Журналистнинг Украина ҳаво мудофааси учун Эрон ёки Шимолий Корея ракеталарини уриб тушириш қийинроқ бўладими, деган саволига Игнат шундай жавоб берди: «Бундай ракеталардан тубдан янги нарса кутиш керак эмас, чунки Россия ва бу давлатлар ўртасидаги ҳарбий-саноат ҳамкорлиги ҳаммага маълум. Шимолий Кореяга СССР давридаёқ кўплаб технологиялар ўтказилган. Улар қандайдир жиҳатдан ўша «Искандер»дан фарқ қилиши мумкин, лекин фарқ унча жиддий бўлмайди», - дея хулоса қилди Игнат. 

КХДР ракеталари ёрдамида берилган зарбалар ҳақида АҚШ баёноти

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби 4 январ куни Россия Украинага ҳужум қилиш учун КХДР ракеталаридан фойдаланаётганини маълум қилди. Шимолий Кореянинг камида битта ракетаси 30 декабр куни Россия томонидан учирилган бўлиши мумкин, яна бир нечта шундай ракеталар 2 январ куни Россия кучлари томонидан Украина ҳудудига отилган, деди Кирби.

Мавзуга оид