Шарл Мишел Еврокенгаш раҳбари лавозимини муддатидан олдин тарк этиши мумкин
Европа етакчилари қисқа вақт ичида ворис бўйича келишиб олиши керак, акс ҳолда Мишелнинг ўрнини вақтинча Венгрия бош вазири Виктор Орбан эгаллаши мумкин.
Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел Европада ёзги сайловларда Белгия либераллари вакили сифатида иштирок этиш ниятида эканини айтди. «Мен 2024 йил июн ойида Европарламентга сайланишга қарор қилдим», деди сиёсатчи 7 январ, якшанба куни Бельгиянинг Soir, De Standaard ва La Libre Belgique газеталарига берган интервюсида.
Агар Мишел сайланса, у Еврокенгаш раҳбари лавозимини ва Европа парламентарийси ўрнини бир вақтда эгаллай олмайди. Европарламентга сайловлар 6—9 июн кунларига белгиланган, Мишелнинг Еврокенгаш раиси сифатидаги ваколати эса 2024 йилнинг ноябрида тугайди, шу боис у бу ўринни эрта тарк этадиган вазият юзага келиши мумкин.
Бу Венгрия бош вазири Виктор Орбан учун вақтинчалик Еврокенгаш раҳбари лавозимини эгаллаш учун потенциал имкониятни очади, чунки Венгрия 2024 йилнинг июлидан декабригача ЕИ кенгашига раислик қилиши керак. Бундай ҳолатнинг олдини олиш учун ЕИга аъзо давлатлар раҳбарлари Мишел ўрнига номзод бўйича олдиндан келишиб олиши керак.
ЕИдаги сайловлар
2019 йилда Шарл Мишел полшалик сиёсатчиси Доналд Туск ўрнига Европа кенгаши раиси лавозимини эгаллади. ЕИ кенгаши раиси лавозими Лиссабон шартномасига мувофиқ, тахминан 15 йил аввал таъсис этилган, деб эслатади AFP. Еврокенгашнинг амалдаги раҳбари ЕИ саммитларини тайёрлаш ва ўтказиш учун масъул бўлиб, унда 27 давлат ва ҳукумат раҳбарлари учрашади. Кенгаш йиғилишлари одатда Брюсселда ташкил этилади.
Европа сайловларида Европарламентнинг 720 нафар аъзоси беш йиллик муддатга сайланади. У дунёдаги энг йирик трансмиллий сайловлар бўлиб, унда Евроиттифоқнинг 27 давлатидан 400 миллиондан ортиқ сайловчи иштирок этиши мумкин. Улар ўтказилгандан сўнг ЕИ бошқарув органлари – Еврокенгаш ва Еврокомиссия раҳбарлари алмашади. Еврокомиссияга ҳозир немис сиёсатчиси Урсула фон дер Ляйен бошчилик қилмоқда.
Виктор Орбаннинг позицияси
Виктор Орбан - Венгрия бош вазири, миллий-консерватив, ўнг қанот популистик «ФИДEС - Венгрия фуқаролик иттифоқи» партияси раҳбари. У ЕИнинг умумий сиёсатига қарши чиқиб келади. Шу тариқа, декабр ойида Венгрия қарорга вето қўйиб, 2027 йилгача Украинага 50 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдам ажратишга тўсқинлик қилишга муваффақ бўлди.
Орбан Украина раҳбариятидан илгари тақдим этилган молиявий ёрдамнинг қандай сарфлангани тўғрисида ҳисобот беришни ва Венгрия ҳисобига Евроиттифоқ маблағларини ўтказишни талаб қилди - улар Венгрия суд тизимининг мустақиллигига шубҳа туфайли Брюссел томонидан музлатиб қўйилган. Брюсселдаги декабр саммити арафасида ушбу маблағларнинг 10 миллиарди Венгрия учун ажратилиб берилди.
Мавзуга оид
20:29 / 15.11.2024
Ғайрат Фозилов Европа кенгаши президентига ишонч ёрлиқларини топширди
09:50 / 15.08.2024
Россия Еврокенгашнинг миллий озчиликлар ҳимояси конвенциясидаги иштирокини тўхтатди
08:15 / 28.06.2024
Еврокенгаш Евроиттифоқнинг янги раҳбарларини тасдиқлади
08:41 / 27.01.2024