Жаҳон | 09:50 / 15.08.2024
2334
3 дақиқада ўқилади

Россия Еврокенгашнинг миллий озчиликлар ҳимояси конвенциясидаги иштирокини тўхтатди

1 августдан бошлаб Россиянинг Европа кенгашининг миллий озчиликларни ҳимоя қилиш бўйича доиравий конвенциясидаги иштироки тўхтатилди, деб хабар берди Россия ТИВ. 

Фото: Sputnik

Россия 1 август куни Европа кенгашининг миллий озчиликларни ҳимоя қилиш бўйича доиравий конвенциясидаги иштирокини расман тўхтатди. Бу ҳақда 14 август, чоршанба куни расмий ҳуқуқий ҳужжатлар порталида жойлаштирилган Россия ТИВ ҳужжатида айтилади

Россия президенти Владимир Путин 2023 йил сентябр охирида Давлат думасига Европа Иттифоқи конвенциясини денонсация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритди. Октябр ойида ҳужжат Россия парламенти томонидан қабул қилинган ва давлат раҳбари томонидан имзоланган. 

Қонун лойиҳасига тушунтириш хатида Европа кенгаши Вазирлар қўмитаси 2022 йил сентябрида россиялик экспертнинг конвенция бўйича иштирокчи давлатлар мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиш учун тузилган қўмитадаги ваколатларини сезиларли даражада чеклагани кўрсатилган. Россия Федерацияси, шунингдек, қарорлар ишлаб чиқишда иштирок этиш ва миллий озчиликлар, биринчи навбатда, чет элдаги русийзабон аҳоли ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларини кузатиш имкониятидан маҳрум бўлди. Бундан ташқари, ҳужжатда қайд этилишича, конвенциядан чиқиш Россия Федерациясига Европа кенгаши мониторинги доирасида «камситувчи муносабатлардан қочиш» имконини беради. 

Россия 1996 йилда миллий озчиликларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенцияни имзолаган

Россия 1996 йил феврал ойида миллий озчиликларни ҳимоя қилиш бўйича доиравий конвенцияни имзолади. Ҳужжат, хусусан, миллий озчиликларнинг иродасига қарши ассимиляция қилинишини, камситилишини тақиқлайди, шунингдек, миллий озчиликлар ўз тилидан эркин фойдаланиш ҳуқуқини таъминлайди. 

2022 йил феврал ойида Россия Федерациясининг Украинага кенг кўламли ҳарбий ҳужуми бошланганидан сўнг, Европа кенгаши Вазирлар қўмитаси Россиянинг кенгаш низом органларидаги ваколатини тўхтатди. Ўша йилнинг март ойида қўмита Россияни ташкилотдан чиқариш тўғрисидаги резолюцияни маъқуллади ва Россия Федерацияси Европа кенгаши Бош котибини ташкилотдан чиқиш нияти ҳақида расман хабардор қилди. 2023 йил феврал ойида Россия Федерацияси Давлат думаси ушбу ташкилот билан Россияга нисбатан 21 та халқаро шартномани, шу жумладан инсон ҳуқуқлари бўйича конвенцияни бекор қилиш тўғрисида қонун қабул қилди.

Мавзуга оид