Жаҳон | 09:33 / 09.01.2024
4449
2 дақиқада ўқилади

Бразилиянинг айрим қамоқхоналарида китоб ўқиганларнинг жазо муддати қисқартирилади

Бразилиянинг тўртта йирик қамоқхонасида “Ўқиш орқали озодлик” деб номланган ўқув дастури мавжуд. Унга кўра, маҳбуслар китоб ўқиш орқали жазо муддатини қисқартиришга эришишлари мумкин.

Фото: Shutterstock

Маҳбуслар йилига 12 та китобни ўқиб чиқиб, панжара ортида ўтказадиган вақтларини 48 кунга қисқартирадилар. Бу Бразилия расмийларининг гавжум қамоқхоналарни “бўшатишга” қаратилган ташаббуси. 

Ҳар бир ўқилган китоб учун маҳкумлар жазо муддатини 4 кунга қисқартиришлари мумкин. Ўқув адабиётлари илмий, фалсафий ва адабий китоблардан ташкил топган. Маҳбусларга ҳар бир китобни ўқиш учун тўрт ҳафтагача вақт берилади. Сўнгра улар тўғри шаклланган ва малакали иншо ёзишлари керак. Шундан кейингина махсус комиссия маҳбусларга “жазо муддатини қисқартириш”га рухсат беради.

Маҳбуслар озодликда юрганларга қараганда кўпроқ китоб ўқишлари ажабланарли эмас. Мутолаа онг ва танани яхшилайди, уларнинг тасаввурини кенгайтиради ва сўз бойлигини оширади. Бу маҳбусларга умид бағишлайди ва уларни ҳақиқатга олиб боришга кўмаклашади.

Эслатиб ўтамиз, бу жаҳон амалиётидаги биринчи тажриба эмас. АҚШда, 2012 йилнинг май ойида, Шимолий Калифорниядаги туман судяси агар у ҳар куни камида бир соат китоб ўқишга рози бўлса, махфий агентга граната сотмоқчи бўлган ёш йигитни ҳибсдан озод қилишни буюрди. Кейин у ўқиганлари ҳақида иншолар ёзади. Бироқ кейинчалик апелляция суди судянинг қарорини бекор қилиб, маҳкумни қамоққа жўнатади.

Боливия қамоқхоналарида ҳам китоб ўқиш орқали жазо муддатини камайтиришга қаратилган “Панжара ортидаги китоблар” дастури мавжуд.

Бразилия федерал қамоқхоналарида китоб ўқишдан-да ғайриоддий амалиётлар мавжуд. Санта-Рита-ду-Сапукайдаги қамоқхонада динамоларга уланган велосипедлар бор. Маҳкумлар кун давомида унда шуғулланишади ва уларнинг меҳнатидан ҳосил бўлган электр энергияси кўча чироқларини ёритиш учун сарфланади. Ҳар 16 соатлик машғулот учун маҳкумнинг жазо муддатидан 1 кун қисқартирилади.

Махсума Оққўзиева тайёрлади.

Мавзуга оид