Жаҳон | 13:24 / 10.01.2024
7985
4 дақиқада ўқилади

Варшавадаги президент саройида Полша ИИВ собиқ раҳбари ушланди

Варшава судининг ички ишлар вазирлиги собиқ раҳбари Каминский ва унинг ўринбосари Вонсикни икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган қароридан сўнг, иккала сиёсатчи ҳам қамоқ муддати бошлангани муносабати билан полиция томонидан қўлга олинди.

Макей Вонсик ва Мариуш Каминский Фото: PAP/Marcin Obara

Полшада эски ва янги ҳукумат лагерлари ўртасидаги кураш кучайган бир пайтда, ҳозир мухолифатдаги «Қонун ва адолат» (ҚвА) партиясидан икки сиёсатчи қўлга олинди, уларни президент Анжей Дуда айблов ҳукмидан сўнг ўз қароргоҳида ҳимоя қилган. 9 январ, сешанба куни кечқурун Полша собиқ ички ишлар вазири, Коррупцияга қарши кураш марказий бюроси собиқ раҳбари Мариуш Каминский ва унинг ўринбосари Макей Вонсик Варшавадаги президент саройида полиция томонидан қўлга олинди, уларнинг жазо муддати шу куни расман бошланди.

ОАВ хабарларига кўра, ҳибсга олинган вақтда Дуда ўз қароргоҳида бўлмаган, чунки у Беларус мухолифати етакчиси Светлана Тихановская билан учрашган. Бу вақтда президент саройи яқинида йиғилган юзлаб намойишчилар, жумладан, «Сиёсий маҳбусларга озодлик» ва «Шармандалик!» деб ҳайқирди.

Каминский ва Вонсикнинг қўлга олингани ҳақида X ижтимоий тармоғида Полша ички ишлар вазири ўринбосари Чеслав Мрочек хабар берди. «Улар суд қарорига биноан ушланган», - деди Мрочек. Унинг сўзларига кўра, полиция тегишли қарорни 9 декабр куни эрталаб, судланган сиёсатчилар давлат раҳбари қароргоҳида бўлганида олган. Бунгача полиция уларни яшаш жойида қўлга олишга уринган. Кейинчалик ижтимоий тармоқлардан маълум бўлишича, ҳар икки сиёсатчи ҳам президент саройида бўлиб ўтган зиёфатда қатнашган, кейинроқ уларнинг ўзи ҳам баёнот берган. 2019 йилдан 2023 йил ноябригача ички ишлар вазирлигини бошқарган Каминский: «Биз яширинмаяпмиз. Ёвузлик мағлуб бўлгунга қадар Полша президенти билан биргамиз», деди.

Каминский ва Вонсикка ҳукм 

Мариуш Каминский ва Мацей Вонсик иши 2007 йилда коррупцияга қарши кураш идораси атрофида можаро чиққанидан бери давом этмоқда. Биринчи инстанция суди айблов ҳукми чиқарди ва 2015 йилда ҚвА ҳокимиятга келганидан сўнг, президент Дуда иккала сиёсатчини ҳам афв этди.

2022 йил июн ойида Полша Олий суди томонидан афв этиш бекор қилинди, Каминский ва Вонсик устидан суд жараёни давом эттирилди. Декабр ойи охирида Варшава округ суди иккаласини ҳам коррупцияга қарши кураш бўйича марказий бюрода иш юритиши вақтида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбдор деб топди ва ҳар бирини икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бундан ташқари, Каминский ва Вонсикка беш йил давомида давлат лавозимларида ишлаш тақиқланди. Сўнгги кунларда Анжей Дуда афв этиш ҳақидаги қарори амалда қолаётганини бир неча бор таъкидлади. 

2023 йил охирида Полшада ҳокимият алмашди 

Мухолифатдаги сиёсатчиларнинг қўлга олиниши Полшани ўтган йил охиригача бошқарган консерватив лагер ва 15 октябрда бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларига кўра ҳокимиятга келган сўл марказчилар янги коалицияси ўртасидаги зиддият босқичларидан биридир. Ҳукуматдаги кўпчилик Полша собиқ бош вазири ва Европа кенгаши собиқ раиси Доналд Туск бошчилигида собиқ мухолифат кучларидан иборат Европапараст уч партияли алянсни тузди. 2015 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган консерватив «Қонун ва адолат» партияси шу тариқа ҳокимиятни йўқотди. 

Туск ҳукумати декабр ойининг ўрталарида ишга киришган, аввалроқ, ноябр ойи охирида Анжей Дуда ўзи ҳам тегишли бўлган, сайловда мағлуб бўлган ҚвАдан амалдаги бош вазир Матеуш Моравецкий бошчилигидаги ҳукуматни қасамёдга келтирди. Бироқ Моравецкий ҳукумати Сеймдан ишонч вотумини ололмади. Мухолифат Дудани янги вазирлар маҳкамасини шакллантириш жараёнини бир неча ҳафтага кечиктириш ниятида эканида айблади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид