Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ тарихида биринчи марта маҳбус азот ёрдамида қатл қилинади
Бунга ўлимга олиб келадиган инъекцияларда ишлатиладиган дори-дармонлар танқислиги шароитида рухсат берилгани таъкидланмоқда.
АҚШ тарихида биринчи марта маҳбус азот ёрдамида қатл этилади, бу 25 январ куни содир бўлади, деб хабар берди Алабама штати суди. NBC News хабарига кўра, 58 ёшли Кеннет Южин Смитга нисбатан чиқарилган олий жазо ҳукми шу тарзда ижро қилинади.
Смит 1988 йилда руҳоний Чарлз Сеннет буюртмасига кўра, унинг хотинини ўлдирган. Руҳоний шу тарзда суғурта мукофотини олиш ва қарзларидан қутулишни режалаштирган.
Смит ва унинг адвокатлари қатлни кечиктириш тўғрисида судга мурожаат қилишди, аммо суд уларнинг илтимосини рад этди. Энди қатл белгиланган вақтда амалга оширилади.
Ушбу турдаги қатлда маҳбус кислороддан маҳрум қилинади ва фақат азот билан нафас олишига йўл қўйилади. Азотли гипоксия билан қатл қилишга учта штатда - Алабама, Оклахома ва Миссисипида рухсат берилган, лекин ҳеч қачон қўлланилмаган.
Алабама маъмурияти 2018 йилда ўлимга олиб келадиган инъекцияларда ишлатиладиган дори-дармонлар танқислиги шароитида ушбу қатл вариантига рухсат берган эди. Янги усул тарафдорлари у оғриқсиз бўлишини таъкидламоқда.
Қўшма Штатларда ўлим жазоси, биринчи навбатда, барбитуратларнинг катта дозалари ёрдамида амалга оширилади. Бироқ Европа Иттифоқининг фармацевтика компанияларига бундай дори воситаларини жазони ижро этиш муассасаларига сотишни тақиқловчи қарори туфайли, айрим штатларда ушбу дори воситаларидан фойдаланиш имконияти чекланган. Бундан ташқари, расмийларнинг таъкидлашича, азот гази билан қатл қилиш ўлимга олиб келадиган инъекциялар билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олишга ёрдам беради, масалан, муваффақиятсиз қатл ва у билан боғлиқ суд жараёнлари.
2023 йил ҳолатига кўра, дунёда 55 та мамлакатда ўлим жазосини қўллашга рухсат берилган. 2022 йилда улардан фақат 10 тасида ўлим жазоси ижро этилган: АҚШ, Хитой, Эрон, Миср, Саудия Арабистони, Ироқ, Покистон, Яман, Виетнам ва Сингапур.
Ўзбекистонда ўлим жазосига ҳукм қилиш ва уни ижро этиш тақиқланган.
Мавзуга оид
09:40
АҚШ Сенати Эронга қарши урушни тугатиш тарафдори
09:10
АҚШ Кубага нисбатан санкцион босимни кучайтирмоқда
22:21 / 23.06.2026
Трамп Эроннинг музлатилган маблағлари фақат озиқ-овқат ва дори-дармонга сарфланишини айтди
09:45 / 23.06.2026