АҚШ томонидан Украинага берилган ҳарбий ёрдам ёмон назорат қилинган — ОАВ
Пентагон бош инспектори Вашингтон ва Европадаги АҚШ расмийлари ва дипломатлари Украинага юборилган 40 мингга яқин қурол-яроғ бўйича тезкор ёки тўлиқ ҳисобот бера олмаганини аниқлади.
The New York Times газетасининг ёзишича, Украинага юборилган ва қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган елкадан отиладиган ракеталар, камикадзе дронлари ва тунги кўриш ускуналари АҚШ расмийлари томонидан ёмон назорат қилинган.
Мудофаа вазирлиги бош инспекторининг эълон қилган ҳисоботида қуроллар Полшадаги АҚШ ҳарбий логистика марказига ёки Украина жанг майдонларига олиб ўтилгандан кейин мақсадсиз ишлатилгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ.
«Ҳарбий ёрдамнинг мақсадли ишлатилганини аниқлаш бизнинг ваколат доирамизга кирмайди», дейилади ҳисоботда.
Аммо ҳисобот шуни кўрсатадики, Вашингтон ва Европадаги АҚШ расмийлари ва дипломатлари 40 мингга яқин қурол бўйича тезкор ёки тўлиқ ҳисобот бера олмаган. Ваҳоланки, улар қонун бўйича қатъий назорат остида бўлиши керак эди. Чунки уларнинг технологияси ва нисбатан кичик ўлчами қурол контрабандачилари учун жозибадор нишонга айлантиради.
Ҳукумат маълумотлар базасидан изсиз йўқолган ёки бошқа йўл билан ҳисоб-китоб қилинмаган қуролларнинг юқори фоизи «ўғирлик ёки сиздирилиш хавфини ошириши мумкин». Ҳисоботда кўриб чиқилган қуроллар сони Қўшма Штатлар 2014 йилдан бери Украинага юборган қарийб 50 миллиард долларлик ҳарбий техниканинг озгина қисмини ташкил этади.
Шундай бўлса-да, Пентагон суриштируви сўнгги икки йил ичида Украинага тезкор юборилган Америка ҳарбий ёрдамининг ҳисоби қандай юритилгани бўйича дастлабки хулосаларни чиқариш имконини беради. Харажатларга шубҳа билан қараган қонунчилар сони ортиб бораётгани Киевга кўпроқ ёрдам юборишга қаршилик қилмоқда ва назоратни талаб қилмоқда.
Ҳисоботда Украинага берилган 39 139 та ҳарбий техникадан қанчаси «йўқолган» деб ҳисобланганига аниқлик киритилмаган.
2023 йил июн ойи ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар Украинага 10 мингдан ортиқ танкка қарши Javelin ракеталари, 2,5 мингта Stinger ер-ҳаво ракеталари, тахминан 750 та Kamikaze Switchblade дронлари, 430 та ўрта масофага мўлжалланган «ҳаво-ҳаво» синфидаги ракеталар ва 23 мингта тунги кўриш воситаларини етказиб берган.
Пентагон ва Давлат департаменти вакилларининг сўзларига кўра, хавфли жанговар шароитлар Мудофаа вазирлиги ходимларининг қурол-яроғларни мақсадли ишлатилганига ишонч ҳосил қилиш учун фронтга боришини деярли имконсиз қилган.
Мудофаа вазирининг сиёсат бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Александра Бейкер ҳисоботнинг 15 ноябрдаги лойиҳасига жавобан, талаб қилинадиган ҳисоб-китоб қоидалари «уруш шароитида мақбул эмаслигини» айтди.
Унинг таъкидлашича, Киевдаги АҚШ элчихонасида энг «нозик» қурол ва жиҳозларни назорат қилиш учун Мудофаа вазирлиги ходимлари етарли эмас. Ҳозирги вақтда Украинада бундай «нозик» қуроллар 50 мингдан ортиқ ва уларнинг сони доимий равишда ўсиб бормоқда.
Мавзуга оид
23:20 / 13.11.2024
Полшада АҚШнинг ракетага қарши мудофаа базаси очилди
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
22:14 / 13.11.2024
Трамп лавозим тақсимламоқда: Пентагон журналистга, Маскка янги департамент
21:24 / 13.11.2024