Исроил армиясининг Ғарбий соҳилдаги рейдида фаластинлик ўсмир ўлдирилгани акс этган видео эълон қилинди
ЦАҲАЛдагилар у «Молотов коктейли» улоқтиришга урингани ҳақида айтишган, лекин кадрларда бу кўринмайди.
Associated Press (AP) агентлиги Ғарбий соҳилдаги Байт-Рима қишлоғида кузатув камерасида олинган видеони эълон қилди, унда 17 ёшли фаластинлик ўсмир отиб ташлангани акс этган. Кейинчалик у олган жароҳатлари туфайли шифохонада вафот этган.
5 январ куни Фаластиннинг Wafa нашри Исроил мудофаа кучлари аскарлари Байт-Римадаги рейд чоғида 17 ёшли Ассаид Римавийни отиб ўлдиргани, яна етти нафарини яралагани ҳақида хабар берди. Ўсмир кўкрак қафасидаги ўқдан олган жароҳатидан вафот этди, деб ёзади нашр тиббиёт доираларидаги манбаларга таяниб. Wafa нашрига кўра, фаластинликлар Исроил ҳарбийлари томонидан пистирмага учраган.
AP кузатув камераларидаги тасвирларини кўриб чиқиш ва икки нафар жабрланган шахс билан суҳбатга асосланиб, Исроил қўшинлари ҳеч қандай хавф туғдирмаса ҳам, фаластинликларга қарата ўт очганини баён қилди.
ЦАҲАЛ вакилининг айтишича, исроиллик ҳарбийлар 5 январга ўтар кечаси «аксилтеррор операцияси» доирасида Байт-Римага кирган. Исроил армияси маълумотларига кўра, аскарлар ўзларига қарата бомба отган гумонланувчиларга ўт очган.
AP томонидан қўлга киритилган видеотасвирларда одамлар кўчада портловчи мосламаларни улоқтиргани кўринмайди. Исроил ҳарбийлари вакили видеоларни кўрганидан кейин, тиз чўкиб қолган фаластинлик ўқ узилган пайтда «Молотов коктейли»ни ёқаётганини айтди. Бироқ, AP биринчи ўқ ниманидир ёқмоқчи бўлган Ассаид Римавийга эмас, балки яна бир фаластинлик, 29 ёшли Нодир Римавийга текканини қайд этган. Нодирга укаси, 25 ёшли Муҳаммад ва Ассаид яқинлашиб, ёрдам беришга ҳаракат қилишган. Шу пайт уларга қарата ўқ узилган, улар эса ерга йиқилган. Ассаид кейинроқ шифохонада вафот этган.
«Биз ўқ отишни бошлаган мерганни кўрдик. У [укамни] отди. Мен унга ёрдам бериш учун бордим. Кейин у менга қарата ўқ узди», деди Муҳаммад журналистларга.
Нодирнинг сўзларига кўра, Ассаид кўчада йиғилганлар исиниши учун бир даста қути ва қоғоз ёқишни режалаштирган. AP ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган бошқа видеолар асосида Нодирнинг қутилар тўплами ҳақидаги сўзлари ҳақ эканини аниқлаган. Журналистлар томонидан кўрилган видеолардан бирида қутилар ярадорларни олиб кетаётган машина томонидан ағдарилиб кетгани кўрсатилган.
Отишма содир бўлганидан тахминан икки дақиқа ўтгач, Исроил ҳарбийлари воқеа жойига етиб борган. Улар ярадор Муҳаммаднинг атрофига тўпланишган. Тўрт дақиқадан сўнг, AP хабарига кўра, улар ярадор фаластинликларни қолдириб кетиб қолишган.
ЦАҲАЛ вакилининг айтишича, 5 январга ўтар кечаси фаластинликлар Байт-Римадаги қўшинларга «Молотов коктейли»ни улоқтиргани билан боғлиқ бир неча ҳодисалар бўлган, бироқ у аниқ мисоллар келтирмади. Маҳаллий аҳоли журналистлар билан суҳбатда Исроил аскарларига қарши ҳеч қандай провокация бўлмаганини айтишди.
AP агентлиги қўшимча қилишича, ярим соатлик видеода фаластинликларга ким ўқ узгани кўринмайди.
Муҳаммад ва Нодир яқин атрофдаги Фаластин қишлоғидаги фабрикада ишлайди, у ерда тайёр салатларни қадоқлашади, деб ёзди нашр. Ҳозир улар жароҳатларини даволашда давом этмоқда.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари аввалроқ исроиллик аскарларнинг ҳаёти хавф остида бўлмаганида ҳам ўт очиш ҳолатлари ҳақида хабар берган эди. Аксарият ҳолларда AP қурбонлар фаластинликлар бўлганини айтади, аммо агентлик декабр ойида ЦАҲАЛ Ғазо секторида асирликдан қочишга уринган уч нафар исроилликни отиб ўлдирганини ҳам эслатади. Ўшанда уч киши оқ байроқлар билан ҳарбийларга яқинлашган, бироқ аскарлар уларни террорчи деб ўйлаб, отиб ўлдирганди.
Исроилнинг «Бецелем» инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Дрор Садотнинг сўзларига кўра, бундай отишмалар камерага тушиб, ҳарбийлар томонидан текширилса-да, камдан кам ҳолларда аскарларга ҳақиқий айблов қўйилади ва тергов йиллар давом этади. Исроил армияси вакили бунга жавобан ҳар бир иш ўз шароитига қараб баҳоланишини билдирди.
Мавзуга оид
09:17 / 24.11.2024
Исроил Байрутга зарба берди. Камида 20 киши ҳалок бўлган
17:39 / 23.11.2024
2024 йилда гуманитар ёрдам ходимлари ўлими бўйича рекорд ўрнатилди – БМТ
10:30 / 23.11.2024
Халқаро суд қарори: Нетаняҳу ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
22:51 / 22.11.2024