Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оқ уй Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилиш ғоясини қўллаб-қувватлади
АҚШ Конгресси Украинага янги ёрдам бўйича келишиб олишдан бош тортгач, Байден маъмурияти Россия Федерациясининг музлатилган активлари бир қисмини Украина фойдасига мусодара қилишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади, деб ёзади Bloomberg.
АҚШ президенти Жо Байден Россиянинг музлатилган активларини Украина фойдасига қисман мусодара қилиш ғоясини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда 10 январ, чоршанба куни Bloomberg агентлиги хабар берди. АҚШ Миллий Хавфсизлик кенгашининг Bloomberg томонидан келтирилган ва Сенат Ташқи алоқалар қўмитасига юборилган ноябр ойидаги ҳисоботида кўрсатилишича, Россия ҳужумидан кейин музлатиб қўйилган тахминан 300 миллиард долларлик маблағдан бир қисми Украинанинг тикланишини қўллаб-қувватлаш учун ишлатилиши мумкин.
Ушбу қонунчилик нормаси «ижро этувчи ҳокимиятга Россия суверен активларини Украина фойдасига мусодара қилиш учун зарур бўлган ваколатларни беради», дейилади агентлик журналистлари томонидан кўриб чиқилган ҳужжатда.
Байден Конгрессда Украинага ёрдам блокланганидан сўнг РФ активларини мусодара қилишни қўллаб-қувватлади
Кейинчалик таъкидланишича, Байден Конгрессдаги республикачилар Украина қарши ҳужуми билан боғлиқ муаммолар фонида Қўшма Штатларга жуда катта молиявий юк бўлишидан хавотирланиб, Киевга кейинги ёрдам учун 60 миллиард доллар миқдорида маблағ ажратилишини тўсиб қўйгач, Россия активлари мусодара қилинишини қўллаб-қувватлади.
Агентликка кўра, Оқ уй бу шубҳаларни бошқа хавотирлар билан мувозанатлашга ҳаракат қилмоқда - Россия активлари мусодара қилиниши АҚШ молия тизими обрўсига салбий таъсир кўрсатиши ва доллардан қочишга сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Вашингтон бу қадамни G7 бўйича иттифоқчилар билан, хусусан, европаликлар билан мувофиқлаштириш ниятида, чунки Россия Федерацияси музлатилган активлари умумий миқдорининг тахминан 200 миллиард доллари ЕИ мамлакатларида жойлашган.
Ғарб Россия музлатилган активларини Украинага ўтказиш йўлларини қидирмоқда
Европа ва Америка Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми ҳамда ғарбдаги Россия активлари музлатиб қўйилганидан сўнг бу маблағларни Украина фойдасига мусодара қилиш йўлларини қидирмоқда, ушбу ҳолат халқаро ҳуқуққа зид келмайди. 2023 йил ёзида Европа Иттифоқи ишчи гуруҳи Россия активларини мусодара қилишнинг қонуний йўли йўқ, деган хулосага келди. Шундан сўнг, ЕИ олинган фойдани Украинани қайта тиклашга ўтказиш учун музлатилган маблағларни қайта инвестиция қилиш имкониятларини ўрганишга эътибор қаратди.
Ғарб мамлакатларида Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли ҳужуми бошланганидан сўнг, Россия Банкининг 300 миллиард долларга яқин захиралари музлатилди, шундан 200 миллиарддан ортиғи Европа Иттифоқи ҳудудига тўғри келади. Европа комиссияси марказий депозитарийларни бухгалтерия ҳисоби тизимида аниқ белгиланиши учун Россия активларидан олинадиган даромадларни алоҳида қайд этишга мажбурлашни таклиф қилди. 12 декабрдан бошлаб ушбу фойдани акциядорлар ва бошқа манфаатдор шахслар ўртасида тақсимлаш тақиқланган. Европа комиссияси барча суммани бутунлай марказий депозитарийда қолдиришни буюрди.
Ҳақиқий рақамлар ва жараёнларнинг тафсилотлари очиқланмаган. Еврокомиссия уларни Европа Иттифоқи кенгашига тақдим этди, у кейинги ҳаракатлар тўғрисида қарор қабул қилади. Аниқ саналар ҳозирча номаълум. 20 декабр куни Германия Федерал прокуратураси Франкфурт-Майндаги Олий минтақавий судга Россия Миллий ҳисоб-китоб депозитарийси - Москва биржаси бўлинмаси ҳисобварақларида сақланаётган 720 миллион евродан ортиқ маблағни мусодара қилиш талаби билан мурожаат этгани маълум бўлди.
Мавзуга оид
09:21 / 23.12.2025
Ишончли бошқарувчилар активларини баҳолаш ҳар чоракда амалга оширилади
19:29 / 22.09.2025
Россия ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодир – Путин
15:20 / 22.09.2025
Қрим «ҳокимияти» Украина Форосга зарба берганини маълум қилди
14:35 / 22.09.2025