Жаҳон | 20:39 / 11.01.2024
19413
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг 136 нафар фуқароси Қирғизистонга киритилмади 

Қирғизистонга киришда янги қоидалар кучга кирди. 

Фото: liter.kz

Қирғизистонга кириш қоидаларига риоя қилмагани учун Ўзбекистоннинг 136 нафар фуқароси қирғиз-ўзбек чегарасидан ўтказилмади. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати вакили Мелис Памиров маълум қилди. 

Унинг таъкидлашича, мамлакатга киришни рад этиш тўғрисидаги қарорлар ноқонуний эмас. Ўзбекистон фуқаролари республикада 60 кун давомида ҳеч қандай тўсиқларсиз қолиши мумкин, шундан сўнг улар виза олиш учун ариза топшириши керак. 

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бошқармаси вакили Азамат Қалисбеков сўзларига кўра, ўзбекистонликлар мамлакатда бўлишнинг янги қоидаларига амал қилмаган. 

«Асосий мақсад – хорижликларнинг Қирғизистон ҳудудида тегишли ҳужжатларсиз чексиз қолишига барҳам бериш. Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидан ўтказилмаган фуқаролар чиқиш ва кириш муддатларини «ноллаштирмоқчи» бўлган. Энди бунга йўл қўйилмайди. Улар мамлакатга кириш мақсадини аниқ кўрсатиши ва рухсатнома олиши керак», деди Ташқи ишлар вазирлиги вакили. 

Рақамли ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Аҳолини рўйхатга олиш департаменти миграция бўлими бош мутахассиси Гулбарчин Турдубоева сўзларига кўра, чет эллик фуқаро рўйхатдан ўтаётганда мамлакатга кириш мақсадини кўрсатиши ва иш берувчи билан тузилган шартномага эга бўлиши керак. 

«Шунда у чиқиш ва киришда муаммога дуч келмайди. Агар сиз Қирғизистонга визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлмасангиз, бошқа давлатда бўлсангиз ҳам, электрон виза олишингиз мумкин», деди у. 

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил октябр ойида чет эл фуқароларининг Қирғизистонда бўлиш қоидалари янгиланган эди. Агар чет эл фуқароси мамлакатда 60 кун давомида рўйхатдан ўтмасдан қолса, у виза учун ариза топшириши ёки шу вақт ичида мамлакатни тарк этиши керак. Ушбу шахс Қирғизистонга фақат 60 кундан кейин қайтиши мумкин.

 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид