Жаҳон | 19:38 / 12.01.2024
29054
8 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Британия Яманга зарба берди. Уруш ҳудуди кенгаядими?

12 январ тонгида АҚШ ва Британия Ямандаги ҳусийчилар ҳаракатига ракета зарбалари йўллади. Форс кўрфазидаги қатор давлатлар бу зарбаларни амалга ошириш учун АҚШ ва Британия самолётларига ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат берди. Kun.uz бу воқеаларнинг сабаблари ва эҳтимолий оқибатлари ҳақида сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.

— Байден ҳукумати Конгресс рухсатисиз нега ҳусийларга хужум бошлади? Қайта сайланишни истаётган Байден учун оқибатлари қандай бўлиши мумкин?

— 7 октябрда уруш бошлангач, ҳусийлар қатъий позицияни эълон қилди, яъни Фаластин ва ҲАМАС тарафида эканини билдирди. Шу билан бирга Исроил ва унинг иттифоқчиларига зарба бериш асосий вазифаларидан бири эканини ҳам айтди. Транспорт коридорларидан энг муҳими Сувайш канали, бу канал орқали Қизил денгизига чиқилади. Канал бир томонида Яман, бир томонда Жибути жойлашган. Яманнинг таъсир қилиш имконияти жуда катта. Ҳусийлар айнан мана шу транспорт коридорларида Исроил ва иттифоқчиларига зарба беришни мақсад қилиб қўйди. Натижада бу коридор мажруҳланиб, ташув оқими пасайди. Ҳусийлар 2 ойдан ошяптики, деярли ҳар ҳафтада Ғарб кемаларига ҳужум қилмоқда.

Байден маъмурияти мураккаб аҳволда қолди. Унинг потенциал рақиби Трампнинг асосий шиори мен президент бўлсам, АҚШ ташқи дунёда уруш қилмайди, АҚШнинг ташқи харажатлари минимал бўлади ва фуқаролар учун қулай, фаровон ҳаёт яратаман, дейди. Ҳусийлар провокациялари ниҳоятда кучли бўлди, бунча кўп провокацияларга АҚШ жавоб бермаса, унинг глобал репутацияси тушиб кетиши мумкин. Аммо АҚШ тўлақонли жавоб қайтарса, катта урушга айланиб кетади. Шунинг учун ҳам Блинкен яқинда бўлган Яқин Шарқдаги учрашувларда биз ҳусийларга қарши чекланган ҳарбий операция ўтказамиз ва ёрдамингиз керак, деган маълумотлар берган бўлиши керак.

АҚШ қонунчилигига кўра, президент янги ҳарбий операция учун Конгрессдан рухсат олиши керак, аммо Байден бундай қилмади. Бунга сабаб бу операция тез бўлиши ва сир тутилиши керак бўлган. 10 та асосий нишон бўлган, дрон ишлаб чиқарувчи корхоналар ва ўқ-дори омборлари. Лекин ҳусийлар лидерлари нишонга олингани ёки йўқ қилингани ҳақида маълумотлар йўқ. Лекин ОАВдаги маълумотлар шуни кўрсатяптики, ҳусийлар бу конфликтга тайёр бўлган.

Байденга бу ҳарбий операция зарар келтиради. Чунки эскалацияга эришилди, Сурияда, Ироқда Эрон каби давлатлар эскалацияни оширишга қадамлар ташлади. Россия БМТ Хавфсизлик кенгашини чақиряпти, мақсади АҚШни обрўсизлантириш, яъни рухсатсиз ҳарбий операция бошлади, деган маънода, аммо Россиянинг ўзи ҳам Украина урушини рухсатсиз бошлаган эди.

— Ҳусийларга берилган зарба Эронни конфликтга тортиши мумкинми?

— Эрон воситалар орқали аллақачон бу конфликтга қўшилган. Эроннинг иттифоқчи давлатлари ва ташкилотлари бор. Биринчи навбатда Ироқ, у ерда парламентнинг 60 фоизидан кўпи шиалардан иборат. Саддам Ҳусайн йиқилгач, Ироқ Эрон иттифоқчисига айланганди. Иккинчиси эса Сурия, неча йиллик фуқаролик урушидан кейин ҳам Башар Асад ҳокимиятда, суннийлар ҳокимиятга келолмади. Ташкилотлардан Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ва Ямандаги ҳусийлар. Ҳусийлар 2014-2015 йилларда Яман пойтахтини қўлга киритаётганда Эрон ҳамкор эканини инкор этган. Аммо бугунги кунда ҳусийларни қўллаши маълум. Яманда 32 млн аҳоли бор, шулардан учдан бири ҳусийлар, яъни шиа мазҳабидагилар. 10 млнлик ҳусийлар тарафдори бу чексиз партизанлик ёки фуқаролар уруши дегани. Эрон бу конфликтдан қайсидир маънода қўрқмайди. Бугун дунёда АҚШ ҳарбий жиҳатдан чарчаган деган тафаккур пайдо бўлган. Мисол, Афғонистонда партизанлик урушида АҚШ ютқазди.

Шу фонда Ғарбга оппонент бўлган кучлар дунёда янги уруш ўчоқларини яратишга уриняпти, Эрон ҳам шундай давлатлардан бири. Ғазо уруши бошлангандан бери Ироқ ва Сурияда шиа гуруҳлари АҚШ базаларига зарбалар беряпти, АҚШ эса жавоб бергани йўқ. Умуман олганда, Эрон урушдан қўрқмайди, аммо катта урушни АҚШ ҳам, Эрон ҳам истамайди.

— Ҳусийларнинг жавоби Қизил денгизда одатдагидек кемаларга ракета учириш билан давом этадими ёки тактика ўзгарадими?

— Ҳусийларда ростдан ҳам дронлар, ракеталар бор, яъни урушга яхшигина тайёргарлик кўрган, Эрон ёки «Ҳизбуллоҳ» томонидан ёрдам бўлган. Ҳусийларнинг лидерлари биз минтақани ёқиб юборамиз, деяпти. Кимки АҚШ ва Англияга ҳаво ҳудудларини берса, улар бизга душман бўлади ва биз бунга жавоб берамиз, деди. 2015-2016 йилларда Саудиянинг нефт заводларига ҳусийлар томонидан кучли зарбалар берилган эди. Бу ишни Яманда туриб қилган эди.

Менимча, ҳусийларнинг асосий мақсади қандайдир провокация қилиш. Уларнинг лидери айтдики, охирги 2-3 ойда сионистлар фақат Фаластинга ҳужум қилаётганида биз четда турганимиздан уялаётгандик, энди бизга ҳужум қилишди ва биз ҳам энди урушдамиз, деяпти. АҚШ бу операция тугаганини айтди, аммо ҳусийлар бу конфликтни яна янги даражага олиб чиқади деб ўйлайман.

— Қизил денгиз атрофидаги давлатларнинг бу тўқнашувларга муносабати фақат дипломатик тарзда бўладими?

— Бу конфликтнинг 3 та қавати бор. Биринчиси — геосиёсий: АҚШ ва Ғарбнинг анъанавий иттифоқчилари бор, яъни Саудия, Қатар, БАА давлатлари, буларга қарши эса ҳусийлар, ҲАМАС, Эрон, Россия, Хитой. Иккинчи қават — диний: ҲАМАС сунний ташкилот, у мусулмонлар манфаати учун курашяпти ва шиа бўлган ҳусийлар қўллаяпти, яъни мазҳабий эмас, диний қараш бирлаштиряпти. Учинчи қават — мазҳабий: Ҳусийлар кучайиши, Яманда таъсири ортиши Саудияни, сунний мусулмонлар бўлган давлатларни жиддий безовта қилади. Энди мана шу 3 қаватни хам бирлаштирсак, жуда ҳам кучли зиддият пайдо бўлади.

Саудия 7 йилдан бери ҳусийлар билан уришяпти. Байден Саудияни Яманда фуқаролар уруши бошлаганликда айблаб, санкциялар жорий қилган эди. Аммо бугун АҚШнинг ўзи ҳусийларга қарши ҳарбий операция ўтказди. Ҳатто Германия ва бошқа Европа давлатлари Саудияга қурол-яроғ сотишни тўхтатган эди, аммо бу чекловлар яқинда олиб ташланди. Чунки ҳусийлар ва бошқа давлатларнинг муносабатлари кристаллашиб боряпти. АҚШ ва коллектив Ғарб биладики, ҳусийлар бу Эроннинг кучли лойиҳаси, гарчи тўғридан тўғри Эрон томонидан бошқарилмаса-да. Эронга қулоқ солгани билан ҳусийларнинг ўзида ҳам баъзи қарашлар ва манфаатлари бор, шу нуқтаи назардан Эроннинг ҳам баъзи талабларини рад қила олишади.

— Исроилнинг Ғазога босқини натижасида реал ҳаракат қилаётган ягона ташкилот ҳусийлар ҳаракати бўляпти. Шу борада ҳам қўшимча қилсангиз.

Ғазодаги уруш кенгайиши бошландими ёки бундай бўлмайдими?

— Аммо кесишмайдиган нуқталар бор. Масалан, Қатарда ислом бирлиги тафаккури бор, аммо у ҳам ҳусийлар ҳаракатига қарши. Фаластин нуқтаи назаридан қаралса, ҳусийларнинг ҳаракати ижобий кўриниши мумкин, лекин уларнинг мафкураси, геосиёсий қарашлари Саудия, Туркия, Қатар каби давлатлар учун салбий. Ҳусийларнинг мақсади Исроилнинг яқин иттифоқчиларига зарба бериш эди, бунга қисман эришди ҳам. Аммо конфликт бошқа нуқтага чиқди, энди ҳусийлар ҳам жавобларни, провокацияларини бошлайди. Блинкен айтган эскалация реаллашиб бошлади, менимча.

Ғазодаги вазият ечимини топгани йўқ ҳали. Мантиқий ечимидан жуда ҳам узоқда ҳали. ЖАР Исроилни судга берганини ҳам ҳисобга олсак, Исроил ҳар томонлама босим остида қоляпти. Расмий Вашингтон ҳам танқидий муносабатлар билдириб турибди. ЖАР ҳукумати Исроилга қарши берган ҳужжатларида Исроил давлат сиёсати геноцидни мақсад қилган, деган хулосалар берилган. Глобал репутация, стратегик, ҳарбий нуқтаи назарлардан ҳам Исроил мураккаб вазиятга тушиб қолди. Тарихда ҳам бундай ҳолатлар бўлган, аммо дунё ҳамжамиятининг маълум бир қисми у томонда бўлган, лекин бугун дунё ҳамжамиятининг аксарияти Исроилга қарши. Бундан ташқари, бугунгача Исроил жиноятлари Ҳаага судида кўрилмаган эди.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид