Жаҳон | 00:50 / 12.01.2024
18493
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг бир ҳудудида чет эл фуқароларининг патент бўйича ишлаши тақиқланди

Краснодар ўлкаси россияликларни иш билан таъминлашни устувор вазифа қилиб белгилади.

Фото: РИ

Краснодар ўлкасида Россия фуқароларининг ишга жойлашишида мутлақ устуворликни таъминлаш учун чет элликларга патент билан ишлаш тақиқланди. Тегишли ҳужжатни Краснодар губернатори Вениамин Кондратев имзолаган.

«Хорижий фуқароларнинг патент бўйича ишлашини тақиқлаш иқтисодий фаолиятнинг 85 турига тааллуқлидир», дейилади ҳудудий маъмурият хабарида.

Ушбу фаолия турларига қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати, ишлаб чиқариш, машина ва ускуналар ишлаб чиқариш, дарахт кесиш, балиқчилик, савдо ва бошқалар киради.

Янгилик фақат қурилиш соҳасига тааллуқли бўлмайди, бунда меҳнат мигрантларининг патент бўйича ишлашга рухсат этилган улуши 50 фоиздан ошмаслиги керак.

«Меҳнат мигрантларини жалб этишни тақиқлаш иқтисодий фаолиятнинг деярли барча турлари учун жорий этилган», дейилади хабарда.

Кўрилган чора-тадбирлар Россия фуқароларини иш билан устувор таъминлашга, иқтисодиёт тармоқларининг хорижий мигрантларга қарамлигини камайтириш орқали миллий хавфсизликни таъминлашга қаратилгани таъкидланмоқда.

Қарор 21 январдан кучга киради. Қонунни бузганлик учун корхоналар 1 миллион рублгача жаримага тортилиши мумкин.

Мавзуга оид